«Ўзбекнефтгаз» ва Озарбайжоннинг Socar давлат нефть-газ компанияси ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди, дея хабар берди SOCAR матбуот хизмати.

Озарбайжон-Ўзбекистон бизнес-форуми доирасида томонлар «Ўзбекнефтгаз» компаниясининг Озарбайжондаги нефть-газ лойиҳаларида иштирок этиши тўғрисидаги битимни, шунингдек, SOCAR, Кончилик ва геология вазирлиги ва «Ўзбекнефтгаз» ўртасида SOCAR`нинг Ўзбекистондаги нефть ва газ лойиҳаларида иштироки тўғрисидаги битимни имзолади.

socar, узбекнефтгаз, озарбайжон

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги.

Аввал хабар берганимиздек, «Ўзбекнефтгаз» SOCAR билан биргаликда 2024 йилда Озарбайжонда учта углеводород конини ўзлаштиришни бошлашни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари, SOCAR Ўзбекистонда геология-қидирув ишларида, шунингдек компания томонидан хизматлар кўрсатишда иштирок этиши кутилмоқда. «Ўзбекнефтгаз» ва SOCAR SOCAR Trading қўшма корхонасини ташкил этишни режалаштирмоқда.

SOCAR президенти Ровшан Нажаф ва «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Баҳодиржон Сидиқов ўртасидаги учрашув якунлари бўйича томонлар нефть, нефть-кимё, газ-кимё ва бошқа нефть маҳсулотлари савдоси ва логистикаси бўйича ният меморандумини ҳам имзоладилар.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил октябрь ойида «Ўзбекнефтгаз» ва SOCAR Каспий денгизининг Озарбайжон қисмида биргаликда нефть қазиб олишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжонга ташрифи чоғида Ўзбекистон томони SOCAR билан ҳамкорликда «нефть-газ соҳасида катта лойиҳа» тайёрланаётганини маълум қилган эди. Авваллари «Ўзбекнефтгаз» Ўзбекистондан ташқарида лойиҳаларни амалга оширмас эди. 2018 йил январь ойида президент Шавкат Мирзиёев компанияга халқаро бозорларга чиқиш бўйича ишларни фаоллаштириш бўйича топшириқ берди.

Захираларнинг тугаши ва технологик йўқотишлар туфайли сўнгги йилларда Ўзбекистонда газ қазиб олиш пасайишда давом этмоқда. 2022 йил якунларига кўра, республикада табиий газ қазиб олиш 2021 йилга нисбатан 4 фоизга камайган — 51,665 млрд куб метрга, нефть қазиб олиш эса 1,8 фоизга — 787,8 минг тоннага ошган.