«Ўзбекнефтгаз» компанияси Озарбайжоннинг SOCAR давлат нефть компанияси билан биргаликда 2024 йилда Озарбайжонда учта углеводород конини ўзлаштиришни бошламоқчи. Бу ҳақда 18 май куни «Ўзбекистон нефть ва гази — OGU 2023» 25-халқаро кўргазма-конференцияси доирасида «Ўзбекнефтгаз» компанияси вакили маълум қилди.

Кўргазма доирасида «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти ва СОСАР раҳбарияти ўртасида Озарбайжондаги нефть ва газ конларини биргаликда ўзлаштириш лойиҳасини амалга ошириш бўйича музокаралар бўлиб ўтди.

«Бу учта кон олдиндан белгиланган. Афсуски, маълумотлар махфийлиги сабабли номларни айта олмайман… Кузда лойиҳани умумий амалга ошириш бошланади, келгуси йилда эса ҳақиқий ишлаб чиқариш жараёнлари бошланади», — деди, «Ўзбекнефтгаз» вакили музокаралар якунлари бўйича изоҳ берар экан.

Унинг сўзларига кўра, музокаралар чоғида томонлар лойиҳанинг аниқ техник параметрларини аниқлаб олишган. «Ўзбекнефтгаз» ва SOCAR мутахассислари лойиҳани амалга ошириш бўйича умумий тушунчага эга", — дея қўшимча қилди агентлик суҳбатдоши.

Бундан ташқари, SOCAR Ўзбекистонда геология-қидирув ишларида, шунингдек компания томонидан хизматлар кўрсатишда иштирок этиши кутилмоқда. «Ўзбекнефтгаз» ва SOCAR «SOCAR Training» қўшма корхонасини ташкил этишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил октябрь ойида «Ўзбекнефтгаз» ва SOCARнинг Каспий денгизининг Озарбайжон қисмида биргаликда нефть қазиб олиш режалари ҳақида хабар берилган эди.

Жорий йилнинг март ойида эса Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжонга ташрифи чоғида Ўзбекистон томони SOCAR билан ҳамкорликда «нефть-газ соҳасида катта лойиҳа» тайёрланаётганини айтган эди. Авваллари «Ўзбекнефтгаз» Ўзбекистондан ташқарида лойиҳаларни амалга оширмас эди. 2018 йил январь ойида президент Шавкат Мирзиёев компанияга халқаро бозорларга чиқиш бўйича ишларни фаоллаштириш бўйича топшириқ берди.

Захираларнинг тугаши ва технологик йўқотишлар туфайли сўнгги йилларда Ўзбекистонда газ қазиб олиш пасайишда давом этмоқда. 2022 йил якунларига кўра, республикада табиий газ қазиб олиш 2021 йилга нисбатан 4 фоизга камайиб, 51,665 млрд куб метрни, нефть қазиб олиш эса 1,8 фоизга ошиб, 787,8 минг тоннани ташкил этди.