Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жума куни Бухорода бўлиб ўтган йиғилишда энергия ресурслари кўп йўқотилаётгани, уларни тежаш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш масалаларига тўхталди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Давлат раҳбари мамлакатда энергия истеъмоли соҳасида ҳали тўлиқ назорат таъминланмаганини таъкидлади.

Йилнинг етти ойи давомида 160 миллион киловатт-соат электр энергияси ва 290 миллион куб метр газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, тармоқ корхоналарига 355 миллиард сўмлик зарар етказилган.

«Бош прокуратура ва Энергия инспексияси тизимига катта ваколат ва ресурслар берилган, лекин улар йўқотишларнинг олдини олиш билан эмас, балки оқибати билан курашмоқда», — дея президент сўзларини келтирди унинг матбуот котиби.

Шавкат Мирзиёев туман ҳокимлари, прокурорлари, ички ишлар ва департамент раҳбарлари қайси туманда энергияни ўғрилаш давом эца, нореал қарздорлик ошиб кеца, электр ва газ раҳбарларига қўшилиб жавобгар бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.

«Яна бир бор таъкидлайман. Бир-икки ойдан сўнг куз-қиш мавсуми бошланади. Уни беталафот ўтказиш, энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига энергия ресурсларини кафолатли етказиб бериш бўйича ишларни ҳозирданоқ бошлаш зарур», — деди президент.

1 августга қадар электр тармоқлари ва трансформаторларни таъмирлашни якунлаш бўйича топшириқ берилган, бироқ вилоятларда 1100 км тармоқ ва 402 та трансформаторни таъмирлаш ҳали якунига етмаган, деди у.

Энергияни тежаш

шавкат мирзиёев, энергоресурслар

Президент апрел ойида энергия таъминотидаги дефицитни тўлиқ қоплаш мақсадида апрел ойида ҳар бир туман ва шаҳарда ўрганишлар олиб борилганини таъкидлади. Шу асосда 4,5 миллиард куб метр газ ва 7,5 миллиард киловатт соат электрни иқтисод қилиш бўйича туманбай дастурлар қабул қилинган.

Бироқ кўп ҳудуд ва тармоқларда ҳали айтарли натижа бўлгани йўқ, раҳбарлари эса «сўров бўлмаяпти» деб, бу вазифаларни ўз ҳолига ташлаб қўйган, — деди Шавкат Мирзиёев.

Тошкент вилояти режага нисбатан 40 миллион куб метр, Тошкент шаҳри 19 миллион, Самарқанд 13 миллион, Хоразм 3,5 миллион куб метр газни кўп истеъмол қилган.

Электр бўйича Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилояти, Фарғона ва Тошкент шаҳрининг бирорта тумани тежаш режасини бажармаган, — деди давлат раҳбари.

Қайта тикланувчи манбалар

Президент йил бошида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича катта дастур қабул қилинганини билдирди.

Ўтган даврда 430 мегаваттли қайта тикланувчи энергия манбалари ишга туширилган. Шунинг ўзи йилига 1,2 миллиард киловатт соат электр энергиясини ишлаб чиқармоқда. Бу ижтимоий соҳа обектлари йиллик истеъмолининг 60 фоизига тенг.

Ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик обектлари ҳамда аҳоли хонадонларида 250 мегаватт қуёш панеллари ўрнатилган.

Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сирдарё ва Фарғонада ишлар тўғри ташкил қилиниб, ижтимоий соҳа обектларида қуёш панеллари ўрнатиш бўйича йиллик режа бажарилди, — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу билан бирга, ижтимоий обектлар ва давлат идораларида қуёш панеллари ўрнатиш Ўрта Чирчиқда атиги 5 фоизни, Бўка туманида 10 фоиз, Бўзатов ва Пискентда 15 фоиз, Нурота ва Янгиҳаёт (Тошкент) туманларида 20 фоизни ташкил қилди, — деди у.

Давлат раҳбари ёқилғи-энергетика комплекси раҳбарлари ва вилоятлар ҳокимларига қатор топшириқлар берди.

Йилнинг иккинчи ярмида 30 миллиард куб метр газ ва 41 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш, ер ости омборларидаги газ захираларини камида 3,5 миллиард куб метрга етказиш керак, деди у.

Юқоридаги 1100 км электр тармоқлари ва 402 та трансформаторни таъмирлаш ишлари 1-октабргача якунланиши керак, деди президент.

«Фавқулодда режим»

шавкат мирзиёев, энергоресурслар

Йил якунига қадар 400 минг тонна бензин ишлаб чиқариш ва 120 минг тонна импорт қилиш зарурлиги таъкидланди.

Ҳудудларга қўшимча 35 минг дона газ баллонларини етказиб бериш, куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа обектларини 335 минг тонна суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш керак.

«Бугундан бошлаб масъул раҳбарлар куз-қиш мавсумида энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш учун фавқулодда режимга ўтади», — деди Шерзод Асадов президент сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда.

Энергетика комплекси раҳбарияти вилоят ҳокимлари ва тармоқ раҳбарлари билан биргаликда йил якунига қадар 3,7 миллиард киловатт соат электр ва 2,4 миллиард куб метр газни иқтисод қилиш чораларини кўриши кераклиги билдирилди.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ижтимоий соҳа обектлари, тадбиркорлик субектлари ва давлат идораларига яна 250 минг мегаваттлик қуёш панелларини ўрнатиш зарурлигини таъкидлади.