21 август куни АОКАда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева 2023 йилнинг ўтган даврида Ўзбекистонда аёлларга қанча моддий ёрдам кўрсатилгани ҳақида маълумот берди.

Республикада давлат ОТМларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қоплаб берилади. Бунга ҳар йили камида давлат бюджетидан 200 млрд сўм ажратилади. Брифингда келтирилишича, 2023 йилнинг ўтган даврида ўқув йилининг 2-ярми учун магистратурада ўқийдиган 14 110 нафар хотин-қизнинг тўлов-шартномасига 85,1 млрд сўм маблағ тўлаб берилди. 36 минг нафардан зиёд талаба хотин-қиз учун 335,5 млрд сўм имтиёзли (фоизсиз) таълим кредитлари ажратилди.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан маҳаллаларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектлари ўртасида грант танлови ўтказилди. Унда 118 та маҳалладан келган таклифлар кўриб чиқилиб, энг яхши деб топилган 66 та лойиҳа учун жами 3 млрд 186 млн сўм давлат гранти ажратилди. Таклиф этилган лойиҳаларга мувофиқ 1062 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланади, дейилади хабарда.

Шунингдек, тегишли қарорларга асосан 30 ёшдан ошган 7,5 млн дан ортиқ хотин-қиз хатловдан ўтказилди. Уларнинг 1 млн 680 нафари «Аёллар дафтари»га киритилди.

Уларнинг 831 133 нафарига тегишли тартибда қуйидаги ёрдамлар кўрсатилган:

  • 424 231 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қиздан 376 327 нафари янги иш ўринлари ва жамоат ишларига жойлаштирилди.
  • 49 545 нафар тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизнинг 40 514 нафарига тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредитлар ажратилди.
  • 226 727 нафар боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қиздан 171 550 нафарига бир марталик моддий ёрдам берилди. Шундан 2451 нафарининг уй-жойи таъмирлаб берилди.
  • 204 523 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож 1- ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлардан 159 391 нафарига бир марталик моддий кўрсатилди. Шундан 1489 нафарининг уй-жойи таъмирланди.
  • 9005 нафар уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизнинг 7131 нафарига ёрдам кўрсатилди. Шундан 680 нафари уй-жой билан таъминланди, 6451 нафарига ижара компенсацияси тўлаб берилди.
  • 86 649 нафар қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд аёллардан 76 220 нафарига моддий ёрдамлар берилди. Шундан 3970 нафарига томорқадан унумли фойдаланиши учун амалий ҳамда моддий ёрдамлар кўрсатилди.

«Газета.uz» аввалроқ мамлакат қонунчилигида аёлларга қандай имтиёз ва енгилликлар кўрсатиб ўтилгани бўйича мақола эълон қилганди.