Май ойидан бери Қирғизистон пойтахтида ичимлик суви таъминотида муаммолар юзага келмоқда. Бишкекнинг бир қатор туманларида вақтинчалик чекловлар жорий этилди. «Газета.uz» бугунги вазият ҳақида нималар маълумлигини ўрганди.

«Мажбурий чора»

Иссиқ мавсум бошланиши билан Бишкекда ичимлик суви танқислиги билан боғлиқ вазият янада оғирлашди. Май ойи ўрталарида пойтахт мэрияси кундузи шаҳар атрофидаги етти қишлоққа, шунингдек, Бишкек четидаги Арча-Бешик турар-жой массивига сув беришни чеклади. Июнь ойи бошида чекловлар «вазият яхшиланмагунча» узайтирилди. Шаҳар ҳукумати буни «хусусий секторда яшил майдонларни ичимлик суви билан суғориш ҳолатлари ва ирригация тизимининг йўқлиги» билан изоҳлади.

Бир вақтнинг ўзида мэрия вакиллари коммунал хизматлар билан биргаликда сувдан норационал фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида рейдлар ўтказишга киришди. Текширув натижасида мутасадди идоралар томонидан кўп миқдорда сув истеъмол қиладиган хусусий ҳаммомлар, автомобиль ювиш шохобчалари ва бассейнлар вақтинча ёпилди. Кейинроқ алоҳида соғломлаштириш мажмуалари ҳамда гилам ва момиқ маҳсулотларини ювиш пунктлари ҳам ёпилди.

6 июндан бошлаб муниципалитет Бишкекнинг жанубий микрорайонларига тунги вақтларда сув беришни тўхтатди. «Бишкекводоканал» бу қарор шаҳардаги «ичимлик суви таъминотидаги мураккаб вазият» билан изоҳлади.

«Бу мажбурий чора, чунки пойтахтни барқарор сув билан таъминлаш учун сув ҳавзаларини тўлдириш зарур», — дейилади корхона хабарида.

7 июнь куни маҳаллий ОАВ «Арча-Бешик» аҳолиси сув йўқлигидан норозилик билдириб, магистраль йўлга чиққани ҳақида хабар берди. Тахминан 35 киши йўлнинг бир қаторини тўсиб қўйган. Эртаси куни Бишкек мэрияси массив аҳолиси сув билан таъминланганини билдирди.

Расмийлар нима дейди?

Бишкек мэрияси ичимлик суви танқислигини пойтахтда аҳоли сонининг кўпайиши, кўкаламзорлаштириш ва томорқаларни суғоришда сув ресурсларидан оқилона фойдаланмаслик, шунингдек, сув омборларини озиқлантирадиган дарёларда сув сатҳининг пастлиги билан изоҳлади.

«Бу, биринчи навбатда, сув истеъмолининг ортиши билан боғлиқ, чунки ҳар йили ёзда сув билан боғлиқ муаммо юзага келади. Айрим хусусий уйлар ичимлик сувидан томорқа ва яшил майдонларини суғориш учун фойдаланишни бошлайди. Бу нормадан ошиб кетишига олиб келади. Бир киши учун меъёр 170 литр бўлишига қарамасдан, ҳозирги ҳолатда [бу кўрсаткич]500 литр атрофида эканини кузатмоқдамиз. Шунингдек, аҳоли, абонентлар сони ортиб бораётганини ҳам кўряпмиз. Буларнинг барчаси сув таъминоти тизимига таъсир қилади», — деди Бишкек мэрининг уй-жой коммунал хўжалиги бўйича ўринбосари Жиргалбек Шамиралиев.

Шамиралиевнинг сўзларига кўра, Бишкекликларнинг атиги 12 фоизида сув ҳисоблагичлари ўрнатилган, сув йўқотишлари эса лимитдан 70 фоизга ошади. Сув қувурларининг эскириши 70−80 фоизни ташкил қилади.

Бишкек сув таъминотининг асосий манбаи ичимлик сувининг 40 фоиздан ортиғини етказиб бераётган Орто-Алиш сув иншооти (водозабор) ҳисобланади. Музликларнинг секин эриши, Ала-Арча дарёси ва Чон-Алиш канали юзасида сувнинг йўқлиги етишмаслиги туфайли водозаборни тўлдирувчи кўлларнинг сув сатҳи пасайган. Ҳозирда шаҳар ҳокимияти Чон-Алиш канали орқали 600 литргача сув ўтказиб, бу пардоз кўлларни тўлдиришга ҳаракат қилмоқда.

Ҳокимлик рейдларни давом эттириш ниятида ва тез орада ичимлик суви учун дифференциал тариф жорий этиш режасини эълон қилди.

«Агар бир киши белгиланган меъёр доирасида — кунига бир киши учун 170 литр сув истеъмол қилса, тариф ўзгармайди. Агар кўпроқ бўлса, у ҳолда ставка ошиши мумкин. Электр энергияси билан бўлгани каби. Агар абонент 700 киловаттгача истеъмол қилса, у ҳолда тариф битта, агар кўп бўлса — бошқаси. Мавжуд сув истеъмоли даражаси уни маиший эҳтиёжлар учун ишлатиш учун етарли. Лекин норационал фойдаланишни кўряпмиз, одамлар уни шунчаки очиб, томорқасини суғормоқда», — деди Шамиралиев.

Шунингдек, ҳукумат аҳолига ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш илтимоси билан мурожаат қилди.

Остонада сув етишмаслиги

Қозоғистон пойтахтида ҳам ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммолар кузатилмоқда. 6 июнь куни кечқурун Остонадаги бир нечта турар-жой мажмуалари аҳолиси сув йўқлиги сабабли кўчани тўсиб қўйди. Аҳоли: «Сув беринг!» дея бақирганча саккизинчи кундан бери сувсиз яшаётганликларини таъкидлашди.

Пойтахт ҳокими Женис Қасимбек фуқароларга видеомурожаат йўллаб, бир ой ичида «шаҳардаги сув тақчиллиги билан боғлиқ барча масалалар ҳал этилишига» ваъда берди.

«Йилига шаҳар аҳолисининг ўсиши 60−70 минг кишини ташкил этади, бу эса қўшимча сув ҳажмини талаб қилади. Қолаверса, ҳозир юқори ҳарорат туфайли суғориш ишлари фаол олиб борилмоқда», — дея тушунтирди у.

Аввалроқ Остонада BI Group уйи муқимлари сув йўқлиги сабабли йўлни тўсиб қўйган эди. Ўшанда ҳам шаҳар ҳокимлиги сув таъминотининг беқарорлиги «шаҳар аҳолисининг ўсиши ва жадал қурилишлар» билан боғлиқлигини таъкидлаган эди.