Қорақалпоғистонда сув танқислиги ва шоли етиштириш майдонларни чегаралаш режалаштирилаётгани сабабли шоли етиштириш ҳажми 2,5 баробарга қисқариши прогноз қилинмоқда. Бу Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши томонидан ишлаб чиқилган ва 31 майга қадар муҳокамага қўйилган Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасида назарда тутилган.

Лойиҳа «сув танқислиги шароитида Қорақалпоғистон Республикасида шоли экинларини етиштиришда бошқа сув истеъмолчиларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, сувни оқилона тақсимланишини таъминлаш, шу билан бирга, аҳолини арзон ва сифатли гуруч маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида» ишлаб чиқилган.

Ўтган йилнинг август-сентябрь ойларида ўтказилган назорат тадбирлари давомида 19 минг 45,6 гектар майдонда ноқонуний шоли экиш ҳолатлари аниқланган. Ушбу ер участкаларига 304 млн куб метр сув лимитдан ортиқ ва шартнома тузилмасдан етказиб берилган. Оқибатда аҳоли, фермер ва деҳқонлар манфаати катта зарар кўрган, миллиардлаб сўмлик сув солиқлари ундирилмаган.

Ҳудудда сув танқислигининг асосий сабабларидан бири қишлоқ хўжалиги соҳасида назоратнинг йўқлиги ва ҳаракатсизликдир, дейилади ҳужжат лойиҳасида.

Келгусида деҳқон ва фермерларнинг норозилигига йўл қўймаслик, шоли майдонлари ҳажми ва захирасини тўғри аниқлаш, ер ва сувдан оқилона фойдаланишни таъминлаш, суиистеъмолликка йўл қўймаслик режалаштирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасига кўра, шолизорларни фақат учта чекка ҳудудда — Бўзатов, Мўйноқ ва Тахтакўпирда жойлаштириш кўзда тутилган. Бу шоли етиштирилмайдиган бошқа ҳудудларда норозилик ва сувни исроф қилишнинг олдини олиш учун амалга оширилади, дейилади лойиҳада.

Ҳужжатда бошқа вилоятлар деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда бошқа ташкилотлар (корхоналар, муассасалар, кластерлар, бирлашмалар ва кооперативлар)га қишлоқ хўжалиги ерларидан ушбу учта ҳудудда шоли экиш учун шартнома асосида фойдаланиш имкониятини бериш бўйича танлов комиссиясини ташкил этиш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, ажратилган жойларга ноқонуний шоли экишнинг олдини олиш мақсадида ҳудудий ишчи гуруҳлари ва республика штаблари ташкил этилади.

гуруч, шоли, қорақалпоғистон

Аҳолининг шоли маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда, шоли майдонларини 20 минг гектар билан чеклаб, ундан 60 минг тонна шоли йиғиштириб олиш кутилмоқда. Гарчи 2023 йилга мўлжалланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари прогноз ҳажмларига кўра, Қорақалпоғистонда 147,25 минг тонна, яъни прогноз кўрсаткичидан қарийб 2,5 баробар кўп шоли етиштириш кутилган эди.

Умуман олганда, 2023 йилда Ўзбекистонда 528,2 минг тонна, жумладан, Хоразм вилоятида 144,65 минг тонна гуруч етиштириш режалаштирилган.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида «Ўздонмаҳсулот» компанияси таркибидаги ғалла қабул қилувчи корхоналарга имтиёзли кредитлар ажратилади. Улар фермерлар билан ҳар гектардан 25 центнердан шоли етказиб бериш ва 10 фоизлик қўшимча тўлов билан маҳсулот сотиб олиш бўйича шартномалар тузиши керак бўлади.