Тошкент халқаро аэропорти олдидаги кўприкни реконструкция қилиш 2024 йил декабрига қадар давом этади. Бу ҳақда «Газета.uz»га пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Иш февраль ойидан бери давом этмоқда. Йўл ўтказгичнинг ярми демонтаж қилинди, автомобиллар ҳаракати ҳар икки йўналишда иккитадан йўлак бўйлаб ташкил этилган.

Йўл ўтказгич 1967 йилда қурилган. 2008 йилда бу ерда реконструкция ишлари олиб борилди, натижада ундаги йўлаклар сони тўрттадан олтитагача кенгайтирилди (ҳар бир йўналишда учтадан).

2021 йил май ойида президент Шавкат Мирзиёевга йўл ўтказгич ўрнида Кичик ҳалқа йўлига кириш ва чиқиш йўллари бўлган айланма йўл қуриш лойиҳаси тақдим этилганди. Аэропортда уч сатҳли айланма йўл қурилиши режалаштирилган. Объект 22 ой ичида (2023 йилнинг февралигача, шу ойда иш бошланди) қурилиши айтилганди.

йўл ўтказгич, тошкент аэропорти

2021 йилда тақдим этилган лойиҳа.

Президент 20 июль куни аэропорт яқинидаги йўл ўтказгич қурилишини бориб кўрди. Давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида шундай дейилади: «Тошкент халқаро аэропорти ёнидаги кўприк автомобиллар қатновига қулайликни ошириш мақсадида кенгайтирилиб, қўшимча эстакада қурилмоқда… айланма шаклидаги чиқиш-тушиш йўллари қайрилиб олиш хавфини йўқотиб, ҳаракатни осонлаштиради».

Амалга оширилаётган лойиҳа илгари таклиф қилинганидан фарқ қилади. Хусусан, ҳокимлик томонидан тақдим этилган эскиздан келиб чиқилса, уч сатҳли айланма йўлдан воз кечишга қарор қилинган.

Асосий йўл ўтказгичнинг йўлаклари сони ҳар бир йўналишда бештага етказилади. Кичик ҳалқа йўлига тўғри ўтиб кетиш ва ундан чиқиш имконияти пайдо бўлади. Йўл ўтказгич эни 1,5 метрлик пиёдалар йўлаклари ва 1,2 метрлик велосипед йўлаклари, шунингдек, пиёдалар ўтиш жойлари бўлиши назарда тутилган.

йўл ўтказгич, тошкент аэропорти

Йиғма-монолит усулида қурилган асосий йўл ўтказгич 15 та устундан иборат бўлади. Унинг узунлиги 650 метр, эни эса 46,2 метргача бўлади. Кириш ва чиқиш жойлари, жумладан, себарга барги шаклида иккитаси монолит усулда амалга оширилади.

Ҳокимлик берган маълумотга кўра, бугунги кунгача демонтаж ишларининг биринчи босқичи якунланган. Муҳандислик тармоқларининг 90 фоизи (темирйўл тармоқлари, ичимлик суви, газ, канализация, иссиқ сув ва 35 кВ юқори вольтли линиялар), шунингдек, дарахтлар кўчирилган.

йўл ўтказгич, тошкент аэропорти

Лойиҳа буюртмачиси Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси, бош лойиҳачиси «Кўприкқурилишлойиҳа» унитар корхонаси, бош пудратчи «Кўприкқурилиш» трести ҳисобланади.

Шу билан бирга, «Газета.uz»нинг давлат харидлари порталидаги маълумотлардан аниқлашича, иккита лойиҳа компанияси билан шартнома тузилган — «Кўприкқурилишлойиҳа» ва Allegro Develop Project.

Президентнинг 2022 йил 13 майдаги топшириқлари баённомасига кўра, буюртмачига истисно тариқасида Тошкент шаҳри ҳокимлиги, Қурилиш вазирлиги ва Автомобиль йўллари қўмитасининг хулосаси асосида тендер ўтказмасдан бош лойиҳачини танлашга рухсат берилган. Учала орган ҳам «Кўприкқурилишлойиҳа» (йиғма-бетон конструкциялар учун) ва Allegro Develop Project (монолит услубдаги қурилиш учун)ни танлаган. Биринчи корхона билан лойиҳа-смета ишларини ишлаб чиқиш бўйича 7,97 миллиард сўмлик, иккинчи корхона билан 7,95 миллиард сўмлик шартнома имзоланган.

Йўл ўтказгич қуриш бўйича лойиҳа нархи кўрсатилмаган.