Zo’r TV мухбири Нурзодбек Воҳидов ва оператор Сардорбек Йўлдошев 14 август куни Тошкент аэропорти яқинида қурилаётган йўл ўтказгичнинг бешта тўсини қулагани ҳақидаги репортажни тасвирга олмоқчи бўлганида калтакланди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеода Нодир исмли ходим журналистларга нисбатан одобсиз сўзларни ишлатиб, уларни ҳудуддан чиқариб юборишни буюради, сўнгра камера кўтарган операторга ташланади. Воҳидов қимматбаҳо асбоб-ускуналарга зарар етказиши мумкинлигидан огоҳлантиради, лекин ишчи тасвирга олиш учун рухсат олиб келишни талаб қилади ва сўнгра операторга яна ҳужум қилади.

«Обчиқиб ташла н***й!» — деб бақиради ходим. Кейинроқ яна операторга ташланади.

zo'r tv, журналист калтакланиши, аэропорт яқинидаги йўл ўтказгич, журналистика

Нурзодбек Воҳидовнинг «Дарё»га маълум қилишича, улар тўсинлар қулаганда аслида нима бўлганини ўрганиш мақсадида воқеа жойига ташриф буюришган. Унинг сўзларига кўра, улар пудратчи ташкилот раҳбарияти билан учрашмоқчи бўлган, бироқ ишчилар аввалига раҳбар прокуратурага, кейин эса тушликка кетганини айтишган.

«Раҳбарияти кечикаётгани учун биздан олдинги келган канал ходимларига қаерларни сёмка қилишга рухсат берилган, ўша жойларни олайлик, вақтимиз зиқ деб тушунтирдик. Хўп, деб биздан олдин борган каналлар сёмка қилган жойни кўрсатишди. Кириб, ҳолатни тасвирга олаётганимизда камерада кўринган одам сёмка қилма деб, сўкиниб кетди. Салом бериб, ўзимизни таништирдик. Аммо у киши ҳатто ўзини ҳам таништирмай сўкиниб, ишимизни йиғиштиришимизни талаб қилди. Бизни олиб чиқиш кераклигини айтди. Шундан сўнг ўзи камерага ташланди», — деди журналист.

Унинг айтишича, зўравоннинг исми Нодир бўлиб, унинг лавозими ҳақида маълумот йўқ.

zo'r tv, журналист калтакланиши, аэропорт яқинидаги йўл ўтказгич, журналистика«Операторимиз Сардорбек Йўлдошевнинг бурнини синдиришди. Айни пайтда операторимиз тез ёрдамда шифохонага олиб кетилган. Менда ҳам жароҳатлар бор. Шифокорлар тиббий кўрик зарур деди. Аммо телеканал камераси, микрофонини ишхонага етказишим керак эди. Шу сабаб мен барча иш қуролларни олиб ишхонага қайтдим», — деди у.

Журналистнинг таъкидланишича, воқеа жойида телеканал камераси синган. Воқеадан сўнг ҳудуд профилактика инспектори уларга қўнғироқ қилиб, воқеа ҳақида сўраган.

«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси (лойиҳанинг бош пудратчиси ҳисобланган «Кўприкқурилиш» трестига унга тегишли) маълумотларига кўра, операторга 67-кўприк қурилиш отряди иш бошқарувчиси Н. Эшниёзов ҳужум қилган. Компания ишчининг қилмишини кескин қоралаб, уни ишдан бўшатди.

Компания раҳбарияти ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари қонунчилик нормаларига асосан тегишли чоралар кўъришини қўллаб-қувватлайди, дейилади хабарда.

АОКА муносабати

Ўзбекистон президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги журналистик фаолиятга тўсқинлик қилувчи ва ОАВ ходимларига нисбатан бўладиган ҳар қандай тазйиқни кескин қоралашини маълум қилди.

«Агентлик ўз ваколат доирасидан келиб чиқиб, бўлиб ўтган воқеликка ҳуқуқий баҳо бериш ва адолатли қарор қабул қилишларини сўраб Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага расмий мурожаат йўллади», — дейилади хабарда.

АОКА ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жараён ўрганилиши ҳамда хизмат текширувлари натижаларини диққат билан кузатиб бориши ва бу ишни назоратга олишини маълум қилди.

Агентлик «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида, журналист текшируви ўтказиш, мансабдор шахс қабулида бўлиш, маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқига эга эканлиги қатъий белгилаб қўйилганини эслатиб ўтди.

Шунингдек, ушбу қонуннинг 14-моддасида ҳамда Маъмурий ва Жиноий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда шахсни ҳақорат қилганлик, қасддан енгил шикаст етказганлик ҳамда мулкни қасддан нобуд қилиш ёки зарар етказиш учун ҳам жавобгарлик белгиланган.

Аввалроқ тўсинлар қулаши факти бўйича жиноий иш қўзғатилгани ва уч мансабдор ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди. Зарар, тахминий ҳисоб-китобларга кўра 2,76 млрд сўмни ташкил этади (қулаш видеоси).

«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси қулаш кунида тўсинлар ўрнатиш жараёнида «эҳтиётсизлик» туфайли қулаб тушганини маълум қилди. Тўсинлар ёрдамчи йўллар устига қулагани сабабли поездлар ҳаракатига таъсир қилмаган.

Лойиҳа буюртмачиси Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси, бош лойиҳачиси «Кўприкқурилишлойиҳа» унитар корхонаси, бош пудратчи «Кўприкқурилиш» трести ҳисобланади. Шу билан бирга, «Газета.uz»нинг давлат харидлари порталидаги маълумотлардан аниқлашича, иккита лойиҳа компанияси билан шартнома тузилган — «Кўприкқурилишлойиҳа» ва Allegro Develop Project.

«Газета.uz» июль ойи охирида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев танишган реконструкция лойиҳаси ҳақида батафсил маълум берган эди.