Қозоғистон Энергетика вазирлиги Россия ва Ўзбекистон ўртасида газ саноати соҳасида уч томонлама иттифоқ тузилаётгани ҳақидаги хабарлар юзасидан изоҳ берди.

«2022 йил ноябрь ойида Қозоғистон Республикаси, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида газ саноати соҳасида уч томонлама ҳамкорликни шакллантириш ташаббуси Россия томонидан эълон қилинган эди. Шу билан бирга, на Россия, на Ўзбекистон томонидан расмий таклифлар бўлмаган. Бу давлатлар билан газ соҳасида ҳамкорлик ўзаро манфаатли шериклик асосида икки томонлама форматда амалга оширилмоқда», — деди Энергетика вазирлиги расмий вакили Шингис Илясов.

Қозоғистоннинг газ узатиш тизими Россия газини Ўзбекистон йўналиши бўйича транзит қилиш имкониятларига эга эканлигини ҳисобга олиб, Қозоғистон ҳукумати ва «Газпром» компанияси ўртасида Марказий Осиё — Марказ" магистраль газ қувурига тайёрганлик кўриш бўйича ташкилий ишлар юзасидан чора-тадбирлар режаси имзолангани эслатиб ўтилди.

Шундай қилиб, бугунги кунда Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга олиб ўтиш учун «Марказий Осиё-Марказ» марказий газ қувурини техник жиҳатдан тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Уларни якунлаш 2023 йил 1 октябрга белгиланган, дея хулоса қилди расмий вакил.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркманистон Россиянинг Ўзбекистон ва Қозоғистон билан «газ иттифоқи» кенгайиши мумкинлиги бўйича берилаётган баёнотлардан жиддий хавотирда эканини маълум қилган эди. «Масала бошқа давлатларнинг, жумладан, Туркманистоннинг манфаатларига таъсир қилишини ҳисобга олсак, тўлиқ аниқлик талаб этилади», — деди «Туркмангаз» давлат концерни раисининг ўринбосари Мирад Арчаев.

Маълумот ўрнида, 2022 йилнинг ноябрь ойи охирида Владимир Путин Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг «уч томонлама газ иттифоқи»ни тузишни таклиф қилгани маълум бўлганди.

7 декабрь куни энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов мамлакат қўшнилардан газни «қандайдир альянс ёки иттифоқ» орқали эмас, балки тижорат шартномаси доирасида импорт қилиш бўйича музокаралар ўтказаётганини қайд этган. Орадан бир кун ўтиб, Россия президенти Владимир Путин «бу энергетик альянс бўлиши мумкин»лигини айтган.

24 январь куни Ўзбекистон ва «Газпром» ўртасида газ соҳасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» имзоланди. Бироқ ҳужжат тафсилотлари келтирилмади. Ушбу янгилик тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг Энергетика вазирлиги «йўл харитаси» бўйича тушунтириш берди. «Бунда газ транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ», — дейилади хабарда.