Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жума куни Бухорода бўлиб ўтган йиғилишда мамлакат ҳудудларида кўкаламзорлаштириш ишлари суст кетаётганини танқид қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Давлат раҳбари томонидан 2021 йил ноябрь ойида эълон қилинган «Яшил макон» дастурида ҳар йили 200 миллион туп дарахт экиш бўйича барча ҳудудларда кўкаламзорлаштириш даражасини 30 фоизга етказиш кўзда тутилганди.

Бунинг учун ҳар бир ҳудудда баҳор ва кузда 15 миллион тупдан кўчат экиш режалаштирилган. Бундан ташқари, барча шаҳарлар атрофида «яшил белбоғлар» қуриш режа қилинган.

Айрим раҳбарлар бу ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйди, деди Шавкат Мирзиёев. Кўчатлар суғориш тизими йўқ ҳудудларга экилгани сабаб 10 миллион ниҳол нобуд бўлган, — деди у.

Дарахт кўчатларини йўллар бўйида экиш ишлари 33 та туман ва шаҳарда умуман бажарилмаган, — деди президент.

Унинг сўзларига кўра, бундан буён ҳокимларнинг асосий вазифаларидан бири ўз ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш, аҳолига қулай яшаш ва тоза ҳаво муҳитини яратишдан иборат бўлади.

Президент барча тизим ва ҳудуд раҳбарларига маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бино, ҳовлиларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш бўйича топшириқлар берди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев кўчат экишлар чоғида қўшиб ёзиш ҳолатлари бўлаётганини бир неча бор таъкидлаганди.

Ўтган ёзда Ҳисоб палатаси «Яшил макон» лойиҳасидаги кўчат экиш ҳисоботларида 6,2 млн кўчат қўшиб ёзилгани, 2,4 млн тупи қуриб қолгани, шунингдек, суғориш ва парвариш ишлари яхши ташкил этилмаганини аниқлаган.

Июль ойида Экология вазирлиги раҳбари Азиз Абдуҳакимов «Яшил макон» лойиҳаси доирасида экилиши керак бўлган 2 миллиондан ортиқ кўчат экилди деб ҳисоботга қўшиб ёзилгани ҳақида маълум қилганди. Шунингдек, 1,8 миллион туп дарахт масъул шахсларга бириктирилмаган, суғориш имконияти бўлмаган жойларга эса 7,3 миллион туп дарахт экилган.

Яқинда Бош прокуратура «Яшил макон» лойиҳаси доирасида хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган 29 нафар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва идоралар раҳбарлари қонунчиликда белгиланган жавобгарликка тортилиши мумкинлигини маълум қилганди.