«Яшил макон» лойиҳаси доирасида экилиши керак бўлган 2 миллиондан ортиқ кўчат экилди деб ҳисоботга қўшиб ёзилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг йиғилишида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.

Унинг қайд этишича, «Яшил макон» лойиҳаси доирасида бир қатор камчиликлар аниқланган. Мониторинг давомида экилмаган кўчатларни экилди деб ҳисоботга қўшиб ёзиш ҳолатлари кузатилган.

«Айрим ҳолларда раҳбарларнинг масъулиятни лозим даражада ҳис этмагани оқибатида қатор жиддий хато ва камчиликлар йўлга қўйилган. Хусусан, экилмаган кўчатларни экилди деб ҳисоботга қўшиб ёзиш ҳолатлари мониторинг давомида кузатилган. Маълумот учун, Навоий вилоятида 959 минг, Тошкент вилоятида 564 минг, Фарғона вилоятида 465 минг, Қашқадарё вилоятида 227 минг туп қўшиб ёзилгани аниқланган», — деди вазир.

Бундан ташқари, 1,8 миллион туп кўчатни сақлаш ва парваришлаш учун тегишли масъуллар умуман белгиланмагани аниқланган.

«Энг ачинарли аҳвол — Фарғона вилоятида. У ерда 415 минг туп [дарахт]га умуман, ҳеч қандай масъул белгиланмаган. Тошкент вилоятида 355 мингта, Сурхондарёда 331 мингта, Бухорода 146 мингта, Қорақалпоғистонда 136 мингта экилган дарахтлар эътиборсиз қолдирилган», — деди Абдуҳакимов.

Вазирнинг таъкидлашича, суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга 7,3 миллион туп кўчат экилишига йўл қўйилган.

«Бу шунча кўчат парваришлаб, дарахтга айлантириш имконияти бўлмаган жойларга экилган дегани. Жумладан, Навоий вилоятида 3 миллион туп, Тошкент вилоятида 2 миллионта, Сурхондарёда 404 мингта, Хоразмда 338 мингта, Қашқадарёда 336 минг туп дарахт умуман суғориш имконияти бўлмаган жойларга экилган», — деди Абдуҳакимов.

Азиз Абдуҳакимовнинг қайд этишича, тупроқ-иқлим шароитида келиб чиқиб дарахт ва буталарнинг мос турларини танланмасдан — жанубий ҳудудларда ўсувчи буталарни шимолий ҳудудларда ёки аксинча шимолий ҳудудларда ўсувчи ўсимликларни жанубий ҳудудларда экилишига йўл қўйилган.

«2022 йил Тошкент-Самарқанд-Бухоро йўналишининг Сирдарё вилоятидан ўтувчи М-39 автойўли билан темирйўл ҳимоя тўсиғи оралиғида 3530 туп дарахт кўчатлари экилган. Шундан 3210 та тупи „Элдор“ қарағайи, яъни сосна дарахти ва 520 туп терак кўчатлари қуриб қолган. Мана бу сувсиз жойларда экилган дарахтларни йўқотдик. Экилган кўчатларни суғориш ва парваришлаш чораларини кўриш юзасидан масъулларга 10 961 та мажбурий кўрсатмалар берилиб, талабларни бажармаган 753 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан 1 миллиард 156 миллион сўм маъмурий жарималар қўлланган», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Вазир ушбу мониторинг тадбирларида вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан учувчисиз учиш аппаратларидан (дронлар) самарали фойдаланилаётганини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, «Яшил макон» лойиҳаси 2021 йилда президент ташаббуси билан бошланган. Бунда ҳар йили 200 млн дарахт ва бута экиш ва шаҳарлардаги яшил майдонлар кўламини ошириш мақсади қўйилган.