Азиз Абдуҳакимов «Яшил макон» лойиҳаси доирасида экилиши керак бўлган 2 миллиондан ортиқ кўчат экилди деб ҳисоботга қўшиб ёзилгани, суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга 7,3 миллион туп кўчат экилишига йўл қўйилган ва бошқа камчиликлар юзасидан қилган маъруза қилганди. Шундан сўнг Бош прокуратура йўл қўйилган камчиликлар юзасидан прокуратура ўрганиш ишларини бошлангани ҳақида хабар қилинди. 5 август куни БП ушбу ўрганиш натижалари юзасидан маълумот берди.

Унда қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикасида кўчатлар суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга экилиши ҳамда масъулларнинг эътиборсизлиги натижасида жами 333,1 минг туп кўчатлар нобуд бўлишига йўл қўйилгани, бажарилган ишлар ҳажмига электрон платформа орқали амалда экилмаган жами 136,1 минг туп кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилгани аниқланди.

Шунингдек, Тошкент вилояти Оҳангарон туманида ободонлаштириш хизмати томонидан жамоат жойларида 127,5 минг туп кўчат экилгани қайд этилсада, амалда кўчатларнинг аксарияти (90 фоизи) қайта экиш учун мўлжалланган питомниклардаги қаламчалар бўлиб, марказий кўчаларга экилган кўчатларнинг 30 фоизи суғорилмагани ва агротехник тадбирлар амалга оширилмаганлиги натижаси қуриб, ўсувчанлик қобилиятини йўқотган.

Шу каби, Сирдарё вилоятида жами 1355 туп дарахт кўчатлари, Хоразм вилояти Тупроққалъа туманида экилган 3,5 минг туп кўчатларнинг ярмидан кўпи қаровсизлик оқибатида нобуд бўлган.

Прокуратура маълум қилишича, жойларда масъуллар томонидан амалда экилмаган кўчатларни ҳисоботларда қўшиб кўрсатиш билан бирга, кўчат экилиши учун ажратилган маблағлар талон торож қилинган. Масалан, Навоий вилояти Учқудуқ туманида 2435 туп амалда экилмаган кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилиб, бюджетдан ажратилган маблағлар ободонлаштириш тизими ходимлари томонидан ўзлаштирилган.

Шу сабабли, барча ҳудудларда 2023 йилнинг баҳор ойида маҳаллий бюджетлар ҳисобидан умуммиллий лойиҳа учун ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан текширишлар ўтказилаётгани қайд этилган.

Ҳозирга келиб, ўз вазифаларини бажаришга масъулиятсизлик билан қараб, хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган 29 нафар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва идоралар раҳбарларининг қонунчиликда белгиланган жавобгарлик масаласи ҳал этилмоқда.

Прокуратура органлари томонидан тегишли ўрганишлар давом эттирилади.