Тошкент вилоятининг икки тумани ҳокими лавозимидан озод қилинди. Вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг 3 августда E-Qaror порталида қабул қилинган қарорлари бунга гувоҳлик бермоқда.

2 август куни Зангиота тумани ҳокими Абдиваҳоб Тамикаев ва Бекобод тумани ҳокими Фурқат Худойбердиев ўз лавозимидан озод қилиш тўғрисида ариза ёзган. Вилоят ҳокими уларни эгаллаб турган лавозимидан озод этиб, бу ҳақдаги қарорларни халқ депутатлари туман Кенгашларига юборган.

Фурқат Худойбердиев ва Абдиваҳоб Тамикаев.Фурқат Худойбердиев ва Абдиваҳоб Тамикаев.

Абдиваҳоб Тамикаев олти йил Зангиотани бошқарди — 2017 йилнинг июлидан. Фурқат Худойбердиев эса 2020 йилнинг февралидан Бекобод туманини бошқариб келаётган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев чоршанба куни бўлиб ўтган йиғилишда Тошкент вилояти ҳокимининг камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Қибрай ва Янгийўл туманлари ҳокимлари ҳамда ушбу туманлар сектор мудирларини лавозимидан озод этиш бўйича топшириқ берган эди. Шунингдек, вилоят ҳокимининг яна икки ўринбосарига ҳайфсан эълон қилинди.

Давлат раҳбари охирги уч йилда вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 19 фоизга ошиб, 94 трлн сўмга етганини таъкидлади. Аммо шу даврда Бекобод туманида бу кўрсаткич 3,6 фоизга камайган. Шунингдек, ўтган йили Зангиота вилоятининг вилоят саноат ишлаб чиқаришидаги улуши 8,3 фоиздан 3,5 фоизга, электротехника маҳсулотлари экспорти ҳам камайган.