«Газета.uz» нашри «Ой материали» номли лойиҳа бошлади. Бунда «Газета.uz»да бир ой давомида эълон қилинган материаллар орасидан таҳририят танловига кўра энг яхшиси танланади ва унинг муаллифлари билан материал тарихи ҳақида суҳбатлашилади, уни тайёрлаш жараёни таҳлил қилинади ва материалга сиғмай қолган жиҳатлар баён қилинади.

Июль ойи якунларига кўра журналист Холида Мусулмоннинг «Қишлоқдаги абитуриент дўстимга» фотоҳикояси энг яхши деб топилди. Ушбу материал нафақат кўришлар ва улашишлар сони бўйича энг яхши бўлди, балки жамоатчилик орасида ўзига хос резонансга ҳам сабаб бўлди.

«Ой материали»нинг биринчи сонида «Қишлоқдаги абитуриент дўстимга» фотоҳикояси муаллифи Холида Мусулмон, Холиданинг ижодий раҳбари Ҳусниддин Ато ва «Газета.uz» бош муҳаррири ўринбосари Муҳрим Аъзамхўжаев билан бирга муҳокама қилинди.

Зиёда Рамазонова: Аввало «Қишлоқдаги абитуриент дўстимга» фотоҳикоясига меҳнати сингган ҳаммани — Холида, Ҳусниддин ака, Муҳрим ака — сизларни муваффақият билан табриклайман. Холида, материалингиз қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўплар унда ўзининг абитуриентлик даврини кўрди. Бугун биз ҳам бежизга йиғилмадик: ушбу фотоҳикоя ғояси пайдо бўлиши, тайёрланиши ва нашр этилиши қандай кечгани ҳақида суҳбатлашамиз. Материал эълон қилингандан кейинги таассуротларинингиз билан ўртоқлашсангиз.

Холида Мусулмон: Таассуротларим яхши. Материал 15 июль куни эрталаб автобусда кетаётганимда чиққан экан. Йўл бўйи ўқиб кетдим. Кўнглим тўқ бўлди. Энг муҳими материалим чиққани, чиқа олгани, қолиб кетмаганидан хурсанд бўлдим. Кейин икки соатларча интернетдан узилган эдим, бир қарасам, шов-шув бўлиб кетибди. Бирин-кетин табриклар келди, таассуротлар ёзила бошлади. Кўпчилик ўзининг абитуриентлик даврини эслабди. Абитуриентларнинг ўзлари: «Раҳмат, опа. Жуда ажойиб чиқибди. Биз ҳам сиздан илҳомланяпмиз», деб ёзганида материалим ўқувчиларга таъсир қилиб, уларни ҳаракатга келтира олганидан жуда қувондим.

Муҳрим Аъзамхўжаев: Табриклар ҳали ҳам келяптими?

Холида Мусулон: Ҳа, айниқса, «казарма»да мен суратга олган абитуриентлар ижтимоий тармоқлар орқали: «Раҳмат, опа. Ўзимизнинг расмга тушишга вақтимиз йўқ эди. Сиз суратларимизни нафақат ўзимизга эсдаликка қолдирдингиз, балки бутун Ўзбекистонга ҳам танитдингиз», деб ёзишяпти. Бундан чексиз хурсанд бўляпман, албатта.

Муҳрим Аъзамхўжаев: Ҳусниддин ака, бошқа шогирдларингизнинг ҳам материаллари шундай шов-шув бўлганмиди? Яқинда кўриб қолдим: Холиданинг материали телевидениегача чиқиб кетибди — расмларини кўрсатиб, алоҳида репортажлар ҳам тайёрлашибди.

Ҳусниддин Ато: Шов-шувли материаллар бор. Умуман, нафақат шов-шув, Ўзбекистон фотожурналистикасида бурилиш ясай олаётган материаллар бор. 2010 йилларда тест синовларнинг ўтиш жараёни, кейинчалик Ҳайит намозларидан тайёрлаган фоторепортажларим ўша пайтларда фотожурналистикадаги янгиликлардан бири эди. Кейинчалик бошқа ишлар сабабли репортажларга кўп ҳам қўл уролмадим.

2021 йилда Дилруҳ Исомиддинованинг қишлоқ аёли ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи фотоҳикояси Ўзбекистон фотоҳикоячилигида яна бир янги даврни бошлаб берди, десам ҳам бўлади. 2022 йилда аввалига Мадина Аъзам, кейин эса Холида Мусулмоннинг «Қишлоқдаги қиш» фотоҳикоялари шов-шувли материалларга айланди. Ўтган йил сентябрда Мадина Аъзамнинг тураржойсиз қолган талабалар ҳақида тайёрлаган фоторепортажини ҳам эслаб ўтиш керак. Ўша пайтда жуда кўп таҳририятлар бу мавзуга қўл урди, репортажлар, видеолавҳалар қилди. Лекин Мадинанинг ўзига хос дастхати яна бир портлашни юзага келтириб муҳокамалар марказига тушди.

Зиёда Рамазонова ва Мадина Аъзамнинг 2022 йил сентябридаги ётоқхонадан жой тополмаётган талабалар ҳақидаги фоторепортажидан.

Айтишим лозимки, юқорида эслаганим ўз фотоҳикояларимдан тортиб шогирдларимнинг ишларигача барчасининг нашр этилиши «Газета.uz» билан боғлиқ. Бу «Газета.uz»нинг янгиликка очиқлиги, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашга доим тайёр эканлигидан. Биз таҳририятга ҳар доим ҳам мукаммал, тўла тайёр материаллар бермайпмиз. Нашр муҳаррирларининг ўзи материаллар устида анча ишлайди. Шу жараёнда улардан ҳам кўп нарса ўрганапмиз. Агар 10 йиллар аввал «Газета.uz» билан ҳамкорлик бошламаганимизда, хоҳиш-мақсадларимизни тушуниб олмаганимизда, эҳтимол, бундай материаллар дунё юзини кўрмасди.

Зиёда Рамазонова: Холида, фотоҳикоя ғояси қандай пайдо бўлди? Ўзингиз ҳам шундай «казармада» ўқиганмисиз?

Холида Мусулмон: Университетда 2-курслигимизда фотожурналистика дарси ўтилган. 2021 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида, фотоҳикоя мавзусига келганда устоз Ҳусниддин Ато иккитадан фотоҳикоя мавзусини сўраб, исмимизнинг ёнига ёзиб қўйди ва уларни тайёрлаш топшириғини берди. Мен қишлоқдаги қиш, талаба келин ва қишлоқлик абитуриент мавзуларини устозга бердим. Улар «талаба келинга қаҳрамон топа олишингизни билмадим» деб, қолган иккита мавзумни ёзиб қўйди.

Энди «Қишлоқдаги қиш» фотоҳикояси учун суратга олишни бошлашим керак эди. Лекин мен суратга олишни билмасдим. Билганим — ўша жараённи, қишлоқ қишини кўрганим, ҳис қилганим эди, холос. Устоз қўлимга камера бердилар, аста-секин суратга олишни бошладим. Кўп ўтмай, карантин сабаб қишлоққа кетдим ва катта тушкунлик ичида қишки қишлоқ суратларини олиб келдим, у эълон қилинди.

Устозга «Қишлоқдаги абитуриент дўстимга» мавзусини айтганимдаёқ туйғуларим етилиб турганди. Мен ўша пайтда бундай «казарма»лардаги жараёнларни фақат сўз орқали ҳис қила олар ва сўз орқали етказиб беришга ҳаракат қилардим. 2022 йил июль ойида қишлоққа бордим ва «казарма»да икки кунимни ўтказиб, барча жараёнларни суратга туширдим.

Ўзим «казарма»да ўқимаганман. Мен суратга олган «казарма»даги устозлардан бири акамнинг ўртоғи эди, укам ҳам ўша ерда, шу устознинг қўлида ўқирди. «Казарма», ундаги муҳит, ўқитиш ва ўқиш жараёнлари укам орқали таниш эди менга.

Зиёда Рамазонова: Холида, «казарма»дагиларни суратга олишга кўндириш жараёни қандай бўлди? Ҳамма ҳам ўзини иш жойи, ўқувчиларини суратга туширишга, бу суратларнинг катта бир нашрда чоп этилишига кўнавермайди.

Холида Мусулмон: Бир куни туман марказига йўлим тушиб қолди. Камерамни ҳам ўзим билан олиб кетгандим. Ўша пайтлар фотоҳикояни тайёрлаш кераклиги хаёлимнинг бир чеккасида турарди. Ишларимни битириб бўлиб, «казарма»нинг манзилини ўртоқларимдан сўраб олдим-да, дарвозасининг ёнига борганда таниш устозга телефон қилиб, «ака, мен Холида, ўртоғингизнинг синглисиман, «казарма»га келгандим, менга қараб юбора оласизми?», дедим. Чиққач, «журналистикада ўқийман. «Казарма» ҳаётини фотоҳикоя қилмоқчи эдим. Ҳеч нарсага халал бермайман, ўқувчиларнинг дарс қилишларига зиён етказмайман, фақат четдан туриб расмга олиб кетаман холос», дедим. «Бемалол, олавер. Бу ҳам сенга уйга вазифадир-да», деб рози бўлиб, ўзлари шароит яратиб берди.

Зиёда Рамазонова: Кўндириш жараёни яхши бўлибди. Биз одатда шу каби материаллар тайёрлаётганимизда одамлар журналистлигимизни билиши биланоқ рад жавобини беради. Баъзан узоқ тушунтиришдан кейин розилик ололамиз, баъзида эса бошқа қаҳрамон излашимизга тўғри келади.

Холида Мусулмон: Суратга олиш учун «казарма» ҳудудига киришга рухсат берилгани билан ичкарида мени ҳам рад этишлар кутиб турган экан. Таниш устоз қизларнинг хонасига олиб кирганда, қизлар: «Йўқ, расмга тушмаймиз, бизга халақит қилади», дейишди. Холис ўйлаб қарасам, улар ҳам ҳақ эди: дарс қилаётган одамга расмга тушишнинг нима кераги бор?

Қизларга индамадим; улар билан бир неча соат вақт ўтказганимдан кейин ўзлари мен билан келишиб кетишди. Бор-йўқлигимни ҳам билмай қолишгач, суратларни олишга муваффақ бўлдим. Агар шундай бўлмаса, расмга олинаётган қаҳрамон вазиятдан чиқиб кетади. Қизиқиб, берилиб китоб ўқиётган одам расмга олаётганингизни сезса, ўқиш эмас, расмга чиройли тушиш ҳақида ўйлай бошлайди.

Муҳрим Аъзамхўжаев: Зиёда кимгадир журналистман деса, одамлар қоча бошлаши ҳақида айтди-ку, Холидада ҳам аввалига шундай бўлган экан. Ҳозир бунга қайсидир маънода ечим кўряпман — Холида абитуриентлар билан икки кун яшагач, улар билан яқин бўлиб кетган ва улар ҳам сурат олинишига рози бўлган. Демак, қаҳрамонлар билан кўпроқ вақт бирга бўлиш керак. Лекин барибир кимлардир норози бўлаверади. Ҳусниддин ака, одамларнинг юз-кўзи кўринган, лекин Холиданикидек самимий, уюштирилмаган, табиий суратлар қандай олинади? Одамлар суратга олиш жараёнида эътироз билдирмаслиги учун нима қилиш керак?

Ҳусниддин Ато: Фотосуратчи ё жараёнга қўшилиб кетиши, ё ўзининг борлигини имкон даражада одамларга сездирмасликка ҳаракат қилиши керак. Суратга олинаётган одамлар уни ўзиники деб ҳис қилсагина табиийликни сақлаб қолиш мумкин. Бундай хислатлар бирданига шаклланиб қолмайди, албатта. Шунинг учун ҳам фотоҳикоялар бир неча кун, ҳафта, ой ва ҳатто йиллар давомида тайёрланади.

Масалан, Холиданинг абитуриентлар билан бир ҳудуд — Жиззахдан экани уни қаҳрамонларга бироз яқинлаштирган бўлиши мумкин. Агар у тошкентлик, бухоролик, борингки, чет эллик бирор фотосуратчи бўлганда бундай бўлмас, яқинлашиш учун бошқа вариантларни кўришга тўғри келарди. Қолаверса, Холида ўша абитуриентлар каби қишлоқда яшар, ўзлари билан бир хил жой ва усулда тайёрланаётган бошқа бир абитуриентнинг опаси экани ҳам бегонасирашни йўқотиш учун қўшимча омиллар бўлган. Бу эса фотосуратларнинг табиий чиқишини таъминлаган.

Портрет жанрида фотограф қаҳрамоннинг шахсини очиб бермоқчи бўлса, ундан ҳол-аҳвол сўраб 5−10 дақиқа суҳбатлашиши керак. Фотоҳикояда эса фотожурналист қаҳрамонларини бир чеккада тинчгина кузатади. Кейин уёқ-буёқдан, хотиржам, жараёнга халал бермай аста-секин кадр йиғади. Бу жараёнда фотограф ҳаттоки бир нуқтадан бошқа нуқтага кўчганда ҳам одамлар чалғиб кетади. Агар шу пайтда суратлар олингудек бўлса, табиийлик нисбати камаяверади.

Шунинг учун бир жойдан кўчгандан кейин дарров суратга олишни бошламаймиз. Бироз кузатиб ўтирамиз-да, жараён аввалгидек изига тушиб кетгач, яна кадр йиға бошлаймиз. Репортажда тезкорлик керак бўлгани учун бу қоида ҳар доим ҳам ишлайвермайди. Аммо фотоҳикояларда бу жуда муҳим, акс ҳолда, табиий кайфиятни, муҳитни йўқотиб қўйиш ҳеч гап эмас.

Холида Мусулмон: Мен фотоҳикоядаги абитуриентлар билан гаплашганман. Сурат олаётган пайтимда эмас, камерани ўчириб қўйиб. Қайси ўқув юртига топшириши, қанчадан бери тайёрланаётганини сўрар эканман, улар менинг фотографлигимни унутиб юборган. Бири ҳаяжон билан «ўқишга кирсам бўлди», деса, яна бир «киролмасам, эрга бериб юборишади», деб ёрила бошлади.

Уларнинг дардлари менинг ичимга кириб, ҳисларимни янада кучайтирди. Суҳбат тугагач, «бўлди, дарсингизни қилаверинг» деб бироз узоқлашдим. Кузатиб турдим-да, берилиб дарс қилаётганларида камерани ёқиб суратга ола бошладим. Фотоҳикоядаги фотосуратларнинг ҳеч бири уюштирилмаган, ҳаммаси табиий жараёндан олинган.

Муҳрим Аъзамхўжаев: Ҳусниддин ака, Холида фотографиядан узоқ киши бўлганини айтяпти-да, аммо ярим йилга қолмай мана шундай материал тайёрлаяпти. Бунга қандай эришиш мумкин?

Ҳусниддин Ато: Бу руҳият, тафаккур билан боғлиқ. Руҳ ва тафаккур уйғунлигида яхши ижод намунаси яратиш мумкин.

Фотожурналистикада талабалар орасида икки хил иқтидорлар бўлади. Биринчи тоифани бир семестр давомида дарс бериш жараёнида кашф қиласиз. Иккинчи тоифа бўлса, дарслар тугагандан кейин кашф қилинади ва ўсиб боради.

Холида иккинчи тоифадан. Бир семестр давомида ҳар ҳафта дарс ўтилган, лекин вазифаларни деярли яхши тайёрламаган. Ҳар машғулотда унинг истеъдоди уйғониб ич-ичида шаклланиб бораверган.

Истеъдод кўп машқ эвазига ҳам шаклланади. Холида қўлига камера тушганда тинмай суратга олаверди. Қолаверса, у билан «Қишлоқдаги қиш» фотоҳикоясининг суратлари устида анча ишладик, таҳрир қилдик.

«Казарма»ни суратга олгунгача ўтган ярим йил ҳам унинг учун яхшидан-яхши тажрибалар берди. Бу даврда кўплаб фотосессиялар қилди, мустақил суратлар олиб ижтимоий тармоқларига жойлади, университет талабаларини қаҳрамон қилди, турли жараёнлар, тадбирларни ёритди.

Муҳими, ҳаммасига юракдан ҳаракат қилди, астойдил истади. Шу вақт давомида у қанақанги суратлар нашр этилиши мумкинлигини тушуниб етди ва барча тажрибаларини абитуриентларни суратга олишда қўллай олди.

Аслида бу мавзуга кўплаб талабалар қизиққан, тайёрлаб кўришган. Лекин Холиданики ҳамманикидан ажралиб чиқди. У бу ишга шунчаки университетдаги дарс вазифаси сифатида қарамади. Жиддий меҳнат қилди. Холидада тасвирни кўриш, илғашга истеъдоди бор эканки, уйғонди.

Фотоҳикоянинг яна бир муваффақияти унинг матнида ҳам эди. Холиданинг табиатан ижодкорлиги, адабиётни тушуниши, сўзни яхши ҳис қилиши матнни ҳам маромига етказиб чиқариб бера олишини таъминлади.

Муҳрим Аъзамхўжаев: Демак, фотоҳикоя асоси икки-уч кунда эмас, йиллар давомида ўйланган, пишитилган, фақат охирги қадам — суратга олиш ва ёзиш қолган экан-да.

Ҳусниддин Ато: Шундай. Яна бир нарсани айтиб ўтишим керак, бу мавзуда материал тайёрлаш аслида менинг ҳам орзуйим бўлган. Лекин маълум сабабларга кўра имконият бўлмаган. Мана, йиллар ўтиб шогирдим амалга оширди.

Муҳрим Аъзамхўжаев: Ҳусниддин ака, мен қилмоқчи бўлган материални шогирдларим қиляпти деяпсиз, бахтли одам экансиз, сизга ҳавасдамиз… Шу лойиҳа учун ўзи нечта сурат олинган эди?

Ҳусниддин Ато: Адашмасам, 700 тача эди. Уч ёки тўртинчи саралашда 105 тасини танлаб, таҳририятга бердик. Охир-оқибат, 68 та сурат нашр қилинди. Интернет нашрларининг ривожланиши биз учун жуда яхши имконият бўлди. Босма нашрларда бир нечта суратлар билан чегараланиб қолардик.

Зиёда Рамазонова: Холида, суратларингиз орасида мени энг таъсирлантиргани рюкзак кўтариб кетаётган йигит ва сигирни тортиб кетаётган аёлнинг бир йўлдан кетаётгани акс этган тасвир бўлди. Адашмасам, ўқишга кирган укангиз ва ойингизни суратга олгансиз. Аслида кам-кўстлари жудаям кўп бўлган, лекин фарзандларининг ўқиши учун борини бериб имконият қилиб беришга тайёр, мақсади ушалган бўлса-да, энди унинг яхши ўқиши учун-да мол-ҳол биланми ёки бошқа меҳнат биланми яна ҳаракатда давом этаётган оналар, оталар, оилаларни кўрсатиб бера олган сурат бу.

ой материали, холида мусулмон, ҳусниддин ато

Холида Мусулмон: Саралаш жараёнида устоз мана шу суратнинг олдида анча туриб, зўр кадр дегандилар. Икки хил ҳаёт бир суратда муҳрланган. Укам ўқишга юк билан отланяпти, агар ўқимаса, ўзини қайси ҳаёт кутиб турганини билади. У шу ҳаётдан сумкасидаги китоблар билан чиқиб кета олади.

Эътибор берсангиз, укам ўзиникининг ёнида менинг ҳам сумкамни илдириб олган. «Укам елкасида опасининг юкларини-да кўтариб… ўсди» жумласи орқали буни матнда ҳам ифодалаганман.

Қишлоқда серфарзанд оилаларда ўқиш, ижод қилиши, ҳаётда ўз ўрнини топиш учун фарзандлар бир-бирини қўллаши, бир-бирининг оғирини елкасига ортиб, туриб бера олиши жуда муҳим. Менинг юким билан ўзининг юки қанча оғир бўлмасин, укам чанг йўлдан катта йўлга чиқишни учун кетяпти.

Аслида бу ҳаёт учун ҳеч кимни айблаш ниятим йўқ. Аммо қишлоқда танлов имконияти кам. Мусиқа чаламан деган одам қайси йўл билан чиқиб кетади? Шунчаки мусиқачи бўламан деб шаҳарга келолмайди. Битта йўли — университетга кириш. Шундагина ўзи хоҳлаган устозларни, муҳитни топа олади.

Муҳрим Аъзамхўжаев: Холида, укангиз ўқишга киргани ҳақида фотоҳикояда ёзгансиз. Ўзи материалда кўриниш берган йигит-қизларнинг қанчаси ўқишга кирди? Дугонангиз-чи?

Холида Мусулмон: Билишимча, 97 фоизи ўқишга кирган. Улар орасида укам ҳам бор. Йиқилган уч фоизнинг орасида билими юқорилар, жумладан, дугонам ҳам бўлган. Жуда ачинганман. Битта йўлинг турган бўлсаю, у ҳам ўқишга кириш бўлса, шундан ҳам йиқилиш, биттагина умидингдан айрилиш қанчалик оғир. Дугонам ҳозир ҳам тайёрланяпти. У салоҳиятли қиз. Умидидан воз кечмаса, ўқишга киришига ишонаман. Бу мақсадига етганда у билан яна бир фотоҳикоя тайёрлашни ният қилиб қўйганман.

Муҳрим Аъзамхўжаев: Фотоҳикоя «Газета.uz»га ўтган йил сентябрида топширилган. Бу йил июлда эса нашр этилди. Шу вақт ичида уни чиқариш фикридан қайтиш ёки бошқа нашрга бериб юбориш нияти туғилмадими?

Холида Мусулмон: Мен нашр этиш фикридан қайтган эдим. Чиқмаса ҳам розиман, деб юборгандим. «Умуман чиқмайди, яхши расмга ололмаганман, бу материал ўзимга ўзим яратиб олган иллюзия эди», деган ҳислар ҳам ўтган. Матнни ўзгартирмаслик, уни «Газета.uz»да чиқариш, умуман, қачон бўлса чиқариш фикрида устоз қатъий турдилар. «Шу материалингиз шедевр чиқади», деб кўнглимни кўтариб турардилар.

Муҳрим ака, сиз менга ёзишингиздан бир кун олдин автобус деразасига суяниб, Рауф Парфидек, «автобус деразасига қараб кетсанг, фотоҳикоянг чиқмаса», деб хаёл суриб кетгандим. Бўлди, энди у чиқмайди деб ўзимни руҳан тайёрлаб турсам, эртаси куни бир нур келибми, сиз ёзиб турибсиз-да. Қувониб кетгандим.

Ҳусниддин Ато: Бу фотоҳикоя «Газета.uz»ники эди. Бундай фотоҳикояни топширилган пайти — ўтган йили сентябрь ойида ҳам фақат «Газета.uz» чиқара оларди. Тўғриси, бошқа нашрда бунақанги резонанс бериши ҳам қийин. Нимагадир Ўзбекистонда фотоҳикоялар, фотолойиҳаларни яхши чиқариб бера оладиган бошқа нашрни кўз олдимга келтиролмайман. Балки мен «Газета.uz»ни жуда яхши кўрганимдан шундай туюлар. Фотоҳикоя катта шов-шув бўлишини эса таҳририятга топшираётгандаёқ билардим. Шунданми, нашр қилдириш фикридан қайтмадим.

Муҳрим Аъзамхўжаев: Фотоҳикоя абитуриентларнинг имтиҳонга тайёргарлик жараёнида чиқди. Нима деб ўйлайсиз, у ўтган йили, таҳририятга топширилган вақтда, имтиҳонлар тугаб, натижалар чиқиб, дарслар бошланганида чиқса, ҳозиргидек даражада резонансга сабаб бўлармиди?

Ҳусниддин Ато: Cентябрда берган бўлсак, эҳтимол, ноябрь-декабрларда чиқиши тўғри бўлмасди. Лекин октябрларда чиққанда ҳам худди шунақанги шов-шув бўлишини кутгандим. Қолаверса, ўша пайтда чиққанда ўқишга киролмаган, «бўлди, тайёрланмайман, тақдирим шу экан» деган қизларга қайта тайёрланиш учун мотивация, ота-оналарга эса фарзандларига яна бир имкон бериш ҳақида сигнал берган бўлармиди, деб ҳам ўйлайман. Лекин ҳечдан кўра кеч дейди. Асосийси — материал чиқди.

Энг муҳими, биз ота-оналарга қиз фарзандларнинг таълимини қўллаб-қувватлашлари, ҳукуматдагиларга эса мактаб ўқувчилари учун сифатли таълим ва яхши шароит зарурати борлигини кўрсатиб бера олдик. Бир тарафдан шу даражада меҳнат қилиб ўқиётган абитуриентларни кўрсатиш орқали ўқимаётганларнинг ҳам ичидан нимадир уйғониб, уларни ҳам ҳаракатга ундашни хоҳлаган эдик.

Материал нашр қилингач, одамларнинг изоҳларидан абитуриент интилган олий таълим унинг шунчалик машаққатли йўлни босиб ўтишига, қийналиши, кўп нарсадан воз кешишига арзимаслиги ҳам кўриниб қолди. Холида: «Қизиқ, олий таълим, олийгоҳ — у билармикан бу курашларни, бу кўзёшларни?!», деган жумла билан айнан шу ҳолатни сўроқ остига олганди. Унга фотоҳикояни ўқиганлар жавоб берди.

Зиёда Рамазонова: Муҳими, ушбу фотоҳикоя Ўзбекистоннинг кўплаб вилоятларида абитуриентлар ўқишга кириш учун қандай шароитларда, қанчалик меҳнат қилиб тайёргарлик кўришини, кўп нарсадан воз кечишини бир «казарма» мисолида кўрсатиб беролди. Аслида, йигит-қизлар бутун бошли 11 йиллик билимларни бир неча ой ёки бир-икки йилда кўп нарсалардан воз кечиб, ҳаловатларини йўқотиб, қийналиб ўрганиши нормал ҳолат эмас. Улар энг зўр билимни репетиторда эмас, мактабда, дарсларда ўзлаштира олиши керак. Назаримда, фотоҳикоя мактаб таълимидаги жуда катта муаммони кўрсатиб берди. Ҳатто ростдан шундай тайёрланишадими, деб ишонқирамай, ҳайрон қолганлар ҳам бўлди.

Ҳусниддин Ато: Ҳа, бу материалда ҳам бундан аввалги фотоҳикоялардаги ҳолат такрорланди: «Қишлоқ аёли»ида ҳам, «Қишлоқдаги қиш»да ҳам баъзилар: «Наҳотки аёллар, одамлар шундай яшайди?», деб ҳайратланганди. Биз ўзимиздан ўйлаб топмаяпмиз, суратлар — факт, улар ҳаммасини кўрсатиб турибди.

Бутун дунёда фотоҳикоя тайёрлашда Уильям Южин Смитнинг «LIFE» журналида чоп этилган «Қишлоқлик шифокор» фотоҳикояси асос қилиб олинади. Фотожурналист Колорадо штатидаги бир қишлоқда 23 кун давомида шифокор билан бирга юриб, унинг иши, ҳаётини ўрганиб, ёритган.

Бир абитуриентнинг бир йиллик тайёрланиш машаққатини тасаввур қилинг. Улар аксар ҳолларда қишда танча ва шамчироқ атрофида дарс қилади. Уй юмушлари, мол-ҳолга қарайман деб уй вазифасини қилишга улгурмаса ёки ўзлаштириши паст бўлса, репетиторлари ўзига хос танбеҳу жазолар ҳам қўллаши мумкин. Холида фотоҳикоясида абитуриентларнинг икки-уч кунини ёритди, холос. Нафақат бу, балки жамиятни, одамларни қийнайдиган бошқа мавзуларда ҳам қаҳрамонлар билан ёки манзилларда «Қишлоқлик шифокор»даги каби 20 кунлаб ёки ойлаб, йиллаб юрилса, қанчадан-қанча муаммоларга ойна тутилган бўларди. Керакли гаплар керакли жойларга етиб борарди. Шунда шаҳарда яшайдиганлар ҳам қишлоқ ҳаётини кўрганида «наҳотки?!» дея ҳайратланишни камайтириб, Ўзбекистон фақат шаҳардан иборат эмаслигини ҳис қиларди.

Бундай ишлар қилинмаслигининг бир учи моддий тарафга ҳам бориб тақалади. Ўзбекистонда нашрлар ойлаб ёки йиллаб меҳнат қилинган фотолойиҳани сотиб олишга тайёрлигини билдириши билан ижодкорлар томонидан ҳам қадамлар қўйила бошланишига аминман.

Зиёда Рамазонова: Ҳусниддин ака, сиз шогирдларингизни жуда кўп қўллаб-қувватлайсиз. Фотожурналистлар учун сиздек устознинг бўлиши қай даражада муҳим?

Ҳусниддин Ато: Эътибор беринг, Ўзбекистонда бирор халқаро тадбир бўлса, бу ҳақда халқаро нашрларда чиқадиган суратларнинг асосий қисми хорижий фотожурналистларнинг иши бўлади. Сўнгги вақтларда «Дунё» ахборот агентлигининг, Президент администрацияси матбуот хизматининг суратлари ҳам нашр қилиняпти. Лекин жиддийроқ тадбирларда Getty Images, «Нью-Йорк Таймс"-у бошқа нашрлар, ахборот агентликлари ҳам хорижий фотографларнинг суратларини бермоқда. Спорт мусобақаларида ҳам баъзида Анвар ака Илёсовнинг суратларини кўриб қолмасак, асосан хорижий фотожурналистларнинг ишлари бор. Ўзбекистонда бу соҳани ривожлантирмас эканмиз, ҳали бери жаҳон оммавий ахборот воситларига чиқишимиз қийин. Шунинг учун ҳам бошловчи фотожурналистлар учун яхши устозлар, қўллаб-қувватловчилар жуда зарур.

Ўзбекистонда фотографияда устозлар бор, лекин фотожурналистикада устозлар етарли эмас. Нимага талабаларнинг яхши ишлар қилиши ва уларни нашр этилишини ўзим ҳам хоҳлайман? Чунки ўзим ҳам ижодкорман, фотографман. Ўзим қилмаган мавзуларимни улар тайёрлаганини кўриб роҳатланаман. Ижод — чексиз уммон. Ҳамиша бошқа ижодкорлар билан ҳамсуҳбат бўлиш, баҳс-мунозараларни талаб этади. Ўшандагина юксалади. Талабалар билан ишлаш жараёнида улардан ҳам анча нарса ўрганаман.

Фотожурналистикада энг асосий қурол — техника. Камера, кучли компьютер керак бўлади. Бошловчи фотожурналист бунинг учун ҳам энг камида 25 миллион сўм инвестиция киритиш керак. Тижорий фотография умуман бошқа йўналиш. Унда техникаларни ижарага оласиз, буюртмангиздан фойда чиқариб, ижара пулини берасиз. Лекин Ўзбекистонда фотожурналистика даромадли соҳа эмас. Шунинг учун ҳам биз бошловчи фотожурналистларни қўллаб-қувватлашимиз, кўп харж қилмасин, муваффақиятга эришиш учун жуда узоқ вақт сарфламасин, деб керакли кўникмаларни олдиндан бериб, «мана бу жойда сал эҳтиёт бўлиш керак, бунча вақтинг, бунча нақдинг кетади», деб вазиятни тушунтирамиз, техникага олгунича таъминлаб турамиз.

Шогирдларимнинг ёшида ўзимга ўхшаган устозим бўлишини жуда хоҳлаганман. Оддий техника олишга келганда ҳам илгари кимдадир ёки қаердадир кўриб қолиб, ҳали тўлиқ маълумотга эга бўлмай туриб ҳам шу техника яхши экан-да деб олишга ҳаракат қилаверганман. Ҳозир бирор талабам, шогирдим техника олмоқчиман деб келса, нима мақсадда фойдаланмоқчилигини сўрайман. Спорт, репортаж ёки тўй учун мана бунақа камера олишинг керак, бунча инвестиция қилишинг керак деб тушунтираман. Агар бу нарса олдиндан айтилмаса, тўғри келмайдиган техникани олиб қўйса, ҳам вақтдан, ҳам нақддан ютқазади.

Зиёда Рамазонова: Халқаро даражадаги фотожурналист бўлиш учун нима қилмоқ керак?

Ҳусниддин Ато: Фотожурналист, яхши расмга олишдан ташқари, албатта, матн ёза олиши, шу билан бирга хорижий тилни ҳам билиши керак. Аввало ўз мамлакатидаги нашрларда яхши ишлар эълон қилаётган, тажриба орттираётган бўлса, қўшимчасига чет тилини ҳам билса, хорижий нашрлар учун ҳам бемалол ишлай олади. Ҳозир Мадина Аъзам, Дилруҳ Исомиддинова, Холида Мусулмон, Камрон Ҳасанов, Муродбек Юсуповлар тил билса, кифоя. Чунки уларнинг дастхати айнан халқаро даражада шаклланиб бўлган.

Зиёда Рамазонова: Яхши суҳбат бўлди. Вақт ажратиб келганингиз, қимматли фикрлар улашганингиз учун ҳаммангизга раҳмат. Холида, кейинги ишларда ҳам зафарлар тилаймиз. «Газета.uz» келгуси ойларда ҳам энг яхши материаллар муаллифлари билан суҳбатларни давом эттиради.

Суҳбатнинг тўлиқ шаклини «Газета.uz»нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилиш мумкин.

Тасвирчи ва монтаж устаси: Маъмуржон Обраҳматов.