Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
«Ётоқхонадан жой беришмаса, фарзандимни уйга олиб кетаман»
Минглаб талабалар ўзларини бошпанасиз ҳис қилишмоқда
5 сентябрь — Ўзбекистон олий таълим муассасаларида ўқиш бошланди. Аслида, талабалик — интиқиб кутиладиган давр. Аммо кўп ва хўп такрорланганидек, ҳамма имкониятларни берувчи «олтин балиқча» ҳам эмас. Яшаш ҳудудидан олисдаги университет ёки институтни танлаган аксарият учун эса, таъбир жоиз бўлса, ҳаётнинг катта-ю кичик муаммолари бошланадиган палласи. Ҳали олий таълимнинг илк дарсларига кириб улгурмасданоқ, турар жой муаммосига юзлашганлар буни яхшироқ ҳис қилади. Янги ўқув йилини талабалар қандай кутиб олганини тасвирлаш мақсадида «Газета.uz» мухбирлари пойтахтнинг «Талабалар шаҳарчаси»дан фоторепортаж тайёрлади.

Суратларни катталаштириш учун уларнинг устига босинг.

Одатда аксарият олий таълим муассасаларида дарслар 8:30 ёки 9:00 да бошланади. Аммо 5 сентябрда «Талабалар шаҳарчаси» соат миллари еттини кўрсатмасданоқ жуда гавжум эди. Бу манзилда икки муассаса — Ўзбекистон миллий университети ва Тошкент давлат техника университети ёнма-ён жойлашган.


Ҳар 5-10 дақиқада шаҳарчадан узоқда бўлмаган «Беруний» метросидан одамлар оқими чиқар ва «Ақлли йўлак» бўйлаб кетишарди. Кимнидир кўзлари чақнаган, ўқишга чанқоқ, кимдир эса асабий, шошиб, телефонда гаплашганча кетмоқда. Аммо йўловчилар қаторида кўрпа-тўшак, оғир сумкаларини кўтариб олган ота-оналар, кекса ёшдаги бобо-бувилар, талаба йигит-қизларни ҳам учратиш мумкин.

реклама
реклама
Соат 8:00 дан ўтиб, кенг ўтли майдон бўйлаб ҳар ким ўзига қулай нуқтани танлаб, жойлаша бошлади. Бу вақтда талабаларни кўп ҳам учратавермайсиз, улар ўқув йилининг биринчи кунига бағишланган тадбирда. Биз эса юклар олдида турганларни суҳбатга тортар эканмиз, деярли барчаси таълим масканига энди қабул қилинган талабаларнинг яқинлари эканига гувоҳ бўлдик. Келган манзиллари эса ҳар хил: олис Қорақалпоғистондан тортиб, нисбатан яқин Сирдарёгача.

Тамойилига кўра, талабалар 2 ёки 3 пара ўқишади, сўнг эҳтиёжи борлари керакли ҳужжатлари ва ётоқхона учун ариза топширади. Аризалар жавоби эса университет раҳбарияти томонидан кўриб чиқилгач, айтилади.


Кун давомида икки марта — эрталаб ва тушдан кейин шу манзилда бўлдик. Биз суҳбатлашган 30 дан ортиқ инсоннинг деярли барчаси, ётоқхонада туришдан умидворлиги, ижарада қолишни ё шароити кўтармаслиги, ёки хоҳламаслигини билдирди. Маълум тоифа имтиёзларидан ортмасдан, ётоқхона берилмай, муаммоли ҳолат кузатилса, иккинчи вариант сифатида ижарада туришга жойларингиз борми, дея берилган саволга - «ҳали муаммо ҳам бўлиши мумкинми?», «ётоқхона берилмаслиги ҳам мумкинми?», деган бир қанча саволли жавобларни олдик. Кўпчилик бир кун аввалги тунда йўлга чиқиб, эрта тонг билан Тошкентга кириб келган ва илк манзили университет бўлган. Агар ётоқхона шу куни ҳал бўлмаса, тунаш учун жойи ҳам йўқ.

Алижон Ғофуров:
«Тошкентга кеча келиб, кунлик квартирада тунадик. Кам таъминланганлик ҳақида ҳужжатимиз ҳам йўқ, бошқа имтиёзли тоифага ҳам эга эмасмиз. 1-курсларга ётоқхона берилар деб юкларимиз билан келиб турибмиз. Бу ерда бирор қариндошимиз ҳам йўқ. Ётоқхона бўлмаса, ўқитишга шароитим йўқ. Икки йил аввал қизим ҳам контрактга ўқишга кирганди. ТТЖдан ўрин беришмагани учун имкон қилолмай ўқитмадим, турмушга бериб юбордик. Шароити қандайлигидан қатъи назар, 1-курс талабаларига ётоқхона берилиши керак, булар ҳали бола бўлса, ижарага уйни қаердан топади? Кейинги босқичлар эса ижарада тура оладиган даражада шаҳарни кўриб, ўрганган бўлади. Ётоқхонадан жой беришмаса, ўғлимни ҳам қайтариб олиб кетиб, уйлантириб қўяман».
Шарофат Ёдгорова:
«Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидан келдик. Неварам биринчи курс Физика факультетига тўлов шартнома асосида ўқишга кирди. Тошкентга кеча кечқурун келиб, бир танишимизникида қолдик. Сергелида экан, роса узоқ, университетга келгунча ҳам анчагина йўл юриб, қийналдик. Ҳеч қандай имтиёзли тоифадан эмасмиз. Ота-онаси иккита опасини контрактда ўқитиб, турмушга беришди. Бу неварам ўзимнинг қарамоғимда. Балки, ёлғиз бувилигим инобатга олиниб, жой беришар деб умид қилиб турибман. Ҳам ишончли қўлларга топширардим. Ижарага қўйишга ҳеч имконим йўқ, ўзи бир миллион сўм пенсия оламан. Контракти ва бошқа харажатларига етказиб берсам ҳам катта гап».
Манзура Неъматова:
«Қизим Математика факультетига грантга кирди. Кечадан олдин Наманган вилоятидан келдик. Яна иккита жиянимиз ҳам бор. Беш киши ижара учун кунига 450 минг сўмдан тўлаяпмиз. Кам таъминланганлик ҳақида ҳужжатимиз ҳам бор. Ётоқхонадан умидвор бўлиб, ҳамма нарсамизни кўтариб келдик. Агар беришмаса, нима қилиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрганимиз йўқ».
Исмини очиқлашни истамаган аёл:
«Ўғлим Математика факультетига ўқишга кирди. Тошкентга кеча келдик. «Дўстлик» метро бекатининг олдидан квартира топиб турибмиз. Ётоқхонадан жой берилишини кутяпмиз. Янгиликларда ҳам ўқияпмиз, ижарада турадиганларга тўловнинг маълум қисмини давлат тўлаб берар экан. Шу хабаргина ташвишларимизни оз бўлса-да босяпти. Ҳозирча ётоқхона таъмирда экан. Аввал маълум тоифаларга берилиб, кейин бизнинг номзодимиз кўриб чиқилиши айтилди».
реклама
реклама
Нурзода Рўзиева:
«Қизим Математика факультетига бюджетга кирган. Бухоро вилоятидан келганимизга уч кун бўлди. Кунига 50 минг сўмдан тўлаб меҳмонхонада турибмиз. Қиз бола, яна биринчи курс бўлса, ҳеч қаерни билмайди-ку. Ётоқхона олиш умидидамиз. Ҳали квартира излаганимиз ҳам йўқ».
Қурбоной Қаюмова:
«Қўқондан келдик. Кичкина неварам Техника институтига контрактга кирди. Келганимизга уч кун бўлди. Бир ерга квартирада турдик, қаердалигини ўзимиз ҳам билмаймиз. У жойдан ҳам бугун чиқиб кетдик. Тошкентда аввал хўжайиним ўқиган, унга ҳам қанча йиллар бўлиб кетди. Ўша пайтлар оғайнилари кўп бўлган. Ўзимизда-да айб, суриштириб ўшаларнинг рақами ё манзилини топиб олиб келмаганмиз».
Зояхон Маҳмудова:
«Неварам Миллий университетнинг Ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кирди. Самарқанддан келиб, бир танишимизникида турибмиз. Бировнинг уйи — барибир бировники. Ўзининг болалари бор, ҳадеб тураверсангиз ҳам ёқмайди. Ётоқхонага ариза топширдик, жавобини кутиб турибмиз. Агар берилмаса, квартирада туришга имконимиз йўқ. Излаб-ку топармиз, лекин у ҳам пул-да. Контракт, кунлик харажатлари учун ишлатиладиган пулнинг ўзи озмунча бўлмайди, укалари ҳам ўқиши керак. Дадаси пахта заводда оддий ишчи, онаси эса ҳамшира бўлса, қандай амаллаймиз, билмайман. Ректорларига кирармиз, ҳамма ўзбек-ку, тушунар».
Гулнора Мўминова:
«Сирдарёдан келганмиз. Болам Ижтимоий фанлар факультетига кирган. Тошкентга эрталаб келиб, тўғри университетга кирдик. Кам таъминланганлик тўғрисидаги ҳужжатимиз бор-куя, агар ётоқхона берилмаса, ижарага имконни қаердан топамиз? Киши бошига 50-60 доллар экан, эшитдик. Бизда ундай имконият йўқ, ҳам контракт бўлса. Атрофга қаранг-да, юки билан келганларнинг ҳаммаси ётоқхонадан умид қилиб ўтирибди. Мен ётоқхона берилмай қолиши мумкинлигини биринчи маротаба сиздан эшитиб турибман. Ҳали муаммо ҳам бўладими?».
Биринчи галда қайси тоифадаги талабалар ётоқхона билан таъминланади?

«Газета.uz» сўровига кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Мўмин Ибодовнинг маълум қилишича, бу борада талабаларнинг контракт ёки бюджетда ўқишига қараб ўтирилмайди.

«Дастлаб чин етимлар, ногиронлиги бўлганлар, кам таъминланганлар ва кейинги навбатларда бир оиладан икки фарзанди контракт асосида ўқийдиганлар, ОТМга узоқдан келганлар ва имкон қадар қизларга ётоқхона берилади. Шу рўйхатдагиларнинг орасидан ҳам кўпроқ биринчи курслар таъминланишига ҳаракат қилинади», — деди у.

Маълумот ўрнида, 2021 йилнинг январида президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 2021−2023 йилларда «Талабалар уйлари» ташкил этиш дастури ишлаб чиқилишини маълум қилганди. Ётоқхоналар қуриш учун эса 2021 йилнинг ўзида давлат бюджетидан 50 млрд сўм ажратилгани айтилганди.


2021 йил 9 cентябрда талабалар учун давлат-хусусий шериклик асосида турар жойлар қурилиши бўйича ҳукумат қарори қабул қилинганди. Унга кўра, республика бўйича жами 228 та талабалар турар жойлари (400 ўринли) барпо этилиши кўзда тутилган. Шундан ҳудудларда 2022 йилда — 47 та, 2023 йилда — 67 та, 2024 йилда — 62 та, 2025 йилда — 52 та талабалар турар жойларининг қурилиши белгиланган.


Мўмин Ибодовнинг сўзларига кўра, 2022−2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясига мувофиқ, ДХШ асосида 100 минг ўринли ётоқхоналарни барпо этиш ва талабаларни ётоқхона билан таъминлаш даражасини 60 фоиздан ошириш белгиланган.


2022 йилда жами 30 956 ўринли 60 та лойиҳа, шундан, ДХШ асосида 20 866 ўринли, олийгоҳ ва бюджет маблағлари ҳисобидан 2800 ўринли, олийгоҳларнинг тўлиқ ўз маблағлари ҳисобидан 4640 ўринли ҳамда инвестиция дастури доирасида 2650 ўринли ётоқхоналарни барпо этиш кўзланган.

Ҳозирда ОТМларда амалга оширилаётган жами лойиҳаларнинг 19 756 ўринли 38 тасида қурилиш ишлари бошланган бўлиб, 900 ўринли 2 та ётоқхона фойдаланишга топширилди, 4400 ўринли 7 та ётоқхона жорий йилнинг cентябрь ойида фойдаланишга топширилади. Қолган ётоқхоналарни 2022 йил якунига қадар фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Талабаларга ижара пулининг бир қисми қандай қоплаб берилади?

Шунингдек, 2021 йил cентябрида ҳукумат қарори билан ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларга ойлик ижара тўловининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланганганди.

Қоплаб бериладиган қисм ижара нархларидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳрида — БҲМнинг 1 баравари (300 минг сўм), қолган ҳудудларда — БҲМнинг 0,5 баравари (150 минг сўм)дан ошмаслиги белгиланган. Бунда маблағ ўқув йили давомида (ҳар йили 1 cентябрдан 1 июлгача) ёки ўқитиш дастури бўйича ўқув йилининг давомийлигига қараб берилади. Бунинг учун ҳар ойнинг 7-санасига қадар номзодлар ариза топширишлари керак.


«Газета.uz»нинг ўтган ўқув йили давомида нечта талабага, қанча миқдордаги ижара тўлови давлат томонидан қоплаб берилганига оид саволига Олий таълим вазирлиги матбуот хизмати бу борада умумий рақамлар ҳали тўпланмаганини қайд этди.

Олий таълим вазирлиги маълумотига кўра, 2022 йилда Ўзбекистонда 177 та олийгоҳ мавжуд бўлиб, шундан 33 таси нодавлат, 31 таси хорижий, 113 таси эса давлат муассасаси ҳисобланади.


113 та давлат ОТМларида 91451 ўринли 257 та ТТЖлар фаолияти йўлга қўйилган. Таққослаш учун, 2020−2021 йилда Ўзбекистонда ОТМлар сони 127 та бўлган, уларнинг 20 тасини хорижий таълим муассасалари ташкил этган.


Жорий ўқув йили ҳолатига кўра, ТТЖлар энг кўп ҳудуд Тошкент шаҳрида бўлиб, 95 тадан иборат ва 35636 талабани қамраб олишга мўлжалланган. Ушбу кўрсаткич 2020−2021-ўқув йилида атига 31 тани ташкил қилган.

Рақамлардан кўриниб турибдики, талабалар ётоқхонаси масаласида олдинга силжиш бор. Бироқ, охирги йилларда квоталарнинг яхшигина миқдорда оширилаётгани ҳисобига ТТЖлар сонининг кўпайиши талабаларни бошпана билан таъминлашда унчалик ҳам сезилмаётгандек туюлмоқда.
Тушдан кейин — ғалвир сувдан кўтариладиган, ётоқхона кимни ўз бағрига олиш ёки олмаслиги эҳтимоли аниқлашган пайт. 16:00 лардан ўтиб, «Ақлли йўлак» бўйлаб кирганимиз заҳоти яшиллик устида юклари билан мунғайиб турган аёлга кўзимиз тушди. Бориб, ҳол-аҳвол сўрадик. Айтишича, ётоқхона масаласида қизининг номзоди имтиёзли тоифалардан кейин, эҳтимол, 2−3 кун ўтиб кўриб чиқилиши ҳақида жавоб олишган. Аммо шу вақт оралиғида яшашга бирор манзиллари йўқ.
Наргиза Исматова (жуда паст ва йиғи аралаш оҳангда):
«Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидан келдик. Учинчи қизим компьютер илмлари ва дастурлаш технологиялари йўналишига контрактга кирди. Иккинчи қизим ҳам Қаршида контрактда ўқийди. Бундан аввал Тошкентда ҳеч кимимиз ўқимаган, қариндошларим ҳам йўқ. Шаҳарга эрталаб келдик. Ётоқхона масаласида ҳужжатларини тайёрлаб деканатга мурожаат қилгандик. Бугун имтиёзи борларга берар экан. Эрта-индин улардан ортса, кейин бизнинг номзодимиз кўриб чиқилар экан. Ҳозир борадиган жойимиз йўқ».

«Наргиза опага интернетдан ижарага уй излаб кўрмадингизми?» дея берилган саволга у қўлидаги телефонни кўрсата, қуйидагича жавоб берди: «Излаб ҳам кўролмайман. Оддий телефонда интернет қаердан бўлсин? Ўзимиз тарафдан келган шерикларимизни ҳам топа олмадик».


У университетдагилар ҳали турар жой масаласини ҳал қилишга имконлари етмай туриб, талабалар дарсга чақирилганидан норози. «Ўзим ишламайман. Ётоқхона бермаса, нима қилиш... (бироз сукут сақлаб), олармиз-да, берардир-да, иккита контракт ўқияпти. Умид қилиб ўтирибмиз. Бугун бўлмаса, эрта, эрта бўлмаса индин, жойлаштириб кетарман. Биринчи маротаба шу қизимни олиб келдим. Бундай вазиятга ҳам энди тушиб турибман. Биз ҳам бемалол келишимиз керакмиди, деб ўйланиб қолдим. Ётоқхонани бугун, эрта имтиёзлиларга бериб бўлишгандан кейин келсак, тезда ҳал бўлармиди? Дарсга кечикиб келсак ҳам, қаерга бораримизни билмай, мана бундай чорасиз аҳволда турмасмидик» — деди у.

Соат 17:00 га яқинлашиб қолган. Бу вақтда ҳам кўп талабалар ота-онаси ёки бирор яқинининг олдида эмас, ё ётоқхона учун ариза топширишга ёки унинг жавоби чиқишига навбат кутиб, университет ичкарисига кириб кетган. Айримлар рад жавоби олиб нима қиларини билмай, яна бошқалар бўлса, бугун берилмаслигини билса-да, ҳали ҳам нимадандир умид қилиб ўтирибди. Ўртадаги 8−9 соатлик вақтдан кейин ҳам, аксар нуқталарда эрталаб учратган чеҳраларни кўрдик. Улар ҳали ҳам ё тик оёқда, ёки имкон қилиб бирор соя жойда, майсаларнинг устида ўтириб олган. Айримлар эса, эҳтимол, чарчагани ёки вақтни тезроқ ўтказиш учун яшилликлар устида ётиб ҳам олган.
Бекмурод Хўжаев:
«Ўғлим (Техника университети — таҳр.) ахборот технологиялари йўналишига контрактга кирган. Фарғона вилояти Боғдод туманидан бугун эрталаб Тошкентга келдик. Ариза топширдик, аммо ҳали кўриб чиқилмас экан, бугун ётоқхона бермаймиз, дейишди. Бирор тоифадаги имтиёзимиз ҳам йўқ. Биринчи курсларнинг ҳаммаси ётоқ билан таъминланади деб эшитганмиз, шунга яна умид қилиб кутяпмиз. Тошкентда қариндошларимиз ҳам йўқ. Агар бугун ётоқхона ҳал бўлмаса, мана шу ерда ётамиз, бошқа иложимиз йўқ».
Қалдирғоч Сарсенбаева:
«Қорақалпоғистондан келдик. Яқинда, соат уч ярим (15:30)ларда поезддан тушдик. Қизим Математика факультетига биринчи ўрин бюджет билан кирган. Ҳозир ўзи ҳужжат топширгани кетди. Уч яримдан бери нима қиляпти, билмайман. Ўзимда ногиронлик, кам таъминланганлик бўйича ҳужжат бор. Шунга ётоқхона берар, қиз бола-ку. Квартирага имконим ҳам, жойим ҳам йўқ. Бугун қизимни жойлаштирсам, ўзимнинг ҳам қоладиган манзилим йўқ. Нима қиламан, билмайман. Қизим чиқсинчи».
Бекзод Усмонов:
«Қизим Физика факультетига контрактга кирган. Кеча Бухоро вилояти, Қоракўл туманидан келдик. Меҳмонхонада киши бошига юз минг сўмдан турдик. Ариза бергандик, эртага соат учдан кейин кўрилишини айтишди. Энди қаерда тунашимиз номаълум. Яна меҳмонхона қидиряпмиз, лекин ҳаммаси қимматлик қиляпти, имконимиз қолмади. Ётоқхона аввал маълум имтиёзли тоифаларга бериларкан, бизда шунақа имтиёз йўқ-да. Ўзимнинг ҳам доимий ишим йўқ. Дурадгорман, мавсумга қараб даромад қиламан. Бу катта қизим, университет ётоқхона билан таъминласа, қолганини ўзим эплайман».
Техника университети тарафдан кичикроқ жуссасига битта катта ва битта ўртачароқ сумкани кўтариб, шаҳарчадан чиқиб кетишга отланган йигитни учратдик. Айтишича, аввал узоқ масофадан келганларга ётоқхона берамиз деб уни қайтаришган. Юкларини нисбатан олис бўлган Яшнободдан кўтариб, ётоқхона оларман деб олиб келган, энди бўлса қайтариб олиб кетяпти.
Алишер Худойбердиев:
«Тошкент давлат техника университети, Машинасозлик факультетига шу йили кирдим. Жиззах вилоятиданман. Тошкентга кеча келиб, опачамнинг уйида, Яшнободда тургандим. Ариза бердим, Қорақалпоғистон, Бухоро, Хоразмни аввал таъминлаймиз, ортса, бошқаларга ўтамиз дейишди. Бугун беришар деб умид қилиб, оғир юкларимни келтиргандим, энди яна олиб кетяпман».
Соат 18:30 га қадар «Талабалар шаҳарчаси»нинг турли нуқталарида, юкларнинг олдида турган талайгина одамлар билан гаплашдик. Кўп ота-оналар аниқ имтиёзли тоифаси бўлмаса-да, бошқа бир сабаблар билан ҳали ҳам ётоқхона берилишини кутишаётганини айтди. Масалан, иккита, учталаб контракт ўқитиши, биринчи курслиги ёки қиз бола экани, айнан контракт ёки грантда ўқиётгани, олис вилоятдан келгани учун. Аслида ётоқхона берилиши кўзда тутилмаган кечки таълим талабалари ҳам бундан хабарсиз ҳолатда кўчларни олиб келишган. Одамлар билан гаплашиш асносида ёки университет масъуллардан сўраб ўзларига ТТЖдан хона берилмаслигини билиб қолган.
реклама
реклама
Жўрабек Халилов:
«Фарғонадан келганмиз. Қизим Филология факультетига кечкига тушиб қолган. Кечкиларга ётоқхона берилмас экан. Буни энди билиб турибмиз. Тошкентда ҳеч кимимиз йўқ, танимаймиз ҳам. Энди нима қилишга ҳам ҳайронмиз. Ҳозир қизимнинг ўзи дарсга кириб кетди. Чиқсинчи. Ҳаммага бирдек ётоқхона берилса яхши бўларди. Кечкиларга кундузи дарс қилмасдан ишлайди деб квартира беришмаяптими? Энди қиз бола келган заҳоти қандай қилиб ишлаб кетиши мумкин, билмадим».
Исми сир тутилишини илтимос қилган бошланғич таълим ўқитувчиси:
«Қизим 2 курс Геология факультетида ўқийди. Фарғонаданмиз, эрталаб соат 6:00 дан шу ерга келдик. Ҳозир 2, 3, 4 курсларга ётоқхона беришни ўйлаб кўрамиз дейишяпти. Аммо мен бунга қаршиман. Нечанчи курс бўлишидан қатъи назар, ҳамма қизларга ва биринчи курс ўғил болаларига берилиши керак деб ҳисоблайман. Биринчи курс йигитлар ҳали ҳеч қаерни билмайди, туртилиб-суртилиб юргандан кўра, аввал ётоқхонада яшаб, муҳитга мослашгани яхши. Кейинги курслардан ўрганиб кетади, ижарада турса ҳам бўлади. Қиз боланинг ор-номусини асраш жуда қийин нарса-да. Квартирага қўйса, қаерга бораётганини ота-она билмайди-ку. Яна уйнинг эгасининг ҳам қанақалигидан ҳам хабарсиз. Шериклари ёмон бўлса, ёнидагини етаклайди. Анча-мунча қизлар шунақа назоратсизлик билан айниб кетяпти. Ўғил бола қаерда юрсаям гард юқмайди, қизга теккан битта доғ бир умрга „татийди“. Шуни Олий таълим вазирлигидан ҳам, университетлар раҳбариятидан ҳам илтимос қилардим. Қизини узоққа жўнатаётганда ҳамма ота-она ҳам юрагини ҳовучлаб қолади. Ўтган йили ҳам шу ётоқхонани деб уч кун қолиб кетганман. Ҳужжатимиз йўқолиб, уни қайта тайёрлаб, иккинчи куни кечқурун ётоқхонага қўйганман. Ўша куни ўзим бир жойда тунаб, эртаси эрталабда банкка бориб, ётоқхонасининг пулини тўлаб, вилоятга жўнаб кетганман. Ўзи қизимга Фарғонага ярим балл етмай, Тошкентга кириб қолган. Вилоятимизга „суперконтракт“ қилишга имконим етмади. Шу муаммодан безиб, иккинчи курслигида ўқишини Фарғонагами, Андижонгами кўчирмоқчи эдим. Аммо янги қарор қабул қилиниб, „иложи йўқ, бу факультетда одам озайиб, бошқасида кўпаяди“ деб, ғализ нарсалар айтишди. Кўчирганимда ўзимнинг уйимда, кўз олдимда бўларди».

Олий таълим вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, вазирлик ҳузуридаги Талаба ва ўқувчиларнинг маънавий юксалишига кўмаклашиш маркази ходимлари биринчи кунданоқ талабаларга бошпана топишда кўмаклашмоқда, жумладан, ҳозиргача 50 нафарга яқин талаба ижара уйларига жойлаштирилган.


Бундан ташқари, «Талабалар шаҳарчаси»да фарзандлари ортидан келган ва тунашга жойи бўлмаган 20 га яқин ота-оналарга ҳам ёрдамлашилган, ушбу вазият тўғридан-тўғри вазир Абдуқодир Тошқуловнинг назоратида эканлиги таъкидланмоқда.

Материални Зиёда Рамазонова тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифи: Мадина Аъзам.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.



Фотоҳикоя муаллифлари ўзларининг ишларига ҳаволаларни photo@gazeta.uz электрон манзилига юборишлари мумкин. Хатга сюжетлар тавсифи, жойи, санаси, муаллифнинг тўлиқ исми ва боғланиш учун телефон рақамларини киритишни илтимос қиламиз.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг