Тўра Боболов Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланди, дея хабар бермоқда Президент администрациясига яқин «Нигоҳ» Telegram канали.

Тўра Боболов (1970 йилда туғилган) меҳнат фаолиятини вилоят давлат мулки бошқармасида ҳисобчиликдан бошлаган. Кейинчалик Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси, вилоят ҳокимлигида ҳудудларни комплекс ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.

У 2019 йилнинг май ойида Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди. 2020 йил январида вилоят ҳокими лавозимига расман тасдиқланганди.

2022 йил август ойида унинг Ангор тумани прокурорини ҳақорат қилгани акс этган аудиоси тарқалганди. Унда ҳоким прокурорга вазифаларини бажармагани, қолаверса, ташкилотларга нисбатан жиноят иши очгани учун танбеҳ берган. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги ва Бош прокуратура муносабат билдирган.

Сентябрь ойида эса президент вилоят ҳокимини ишдан бўшатиши ҳақида гапирган. Давлат раҳбари Ангор тумани прокурори билан бўлган суҳбатини ҳам эслаб ўтган. «Чарчаган бўлсанг, сени ҳам ишдан оламан», — деган ўшанда Шавкат Мирзиёев.

Ой охирида эса Тўра Боболов президент қарори билан ўзгаларни ҳақорат қилгани, ҳокимларга қўйилган талабларни бажармагани ва фаолиятини давлат сиёсатига мос равишда ташкил этмагани учун жаримага тортилган.

2022 йилнинг декабрига келиб у бошқа ишга ўтиши муносабати билан Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилган. Унинг ўрнига Тошкент шаҳар прокурори лавозимида ишлаб келган Улуғбек Қосимов тайинланган.

Орадан вақт ўтиб, 2023 йилнинг февраль ойида Боболов Ўзбекистон-Озарбайжон ишбилармонлар кенгаши йиғилишида кўриниш берган. Шунда у Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари сифатида иш бошлагани маълум бўлган.