Ўзбекистон президентининг қарори билан Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболовга жарима интизомий жазо чораси қўлланилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов сешанба куни маълум қилди.

Хабарда айтилишича, чора «ўз фаолиятини давлат сиёсати ва амалга оширилаётган ислоҳотларга мос равишда ташкил этмагани, ҳокимларга қўйиладиган талабларга риоя этмасдан мажлис қатнашчиларини ҳақорат қилганлиги ва бу билан кенг жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлгани учун» қўлланилган.

Август ойи охирида тармоқларда Сурхондарё ҳокими Тўра Боболов Ангор туман прокурори Сирожиддин Рамазоновни ҳақорат қилгани акс этган аудио тарқалган эди. Вилоят ҳокимлиги «мазкур йиғилиш танқидий руҳда ўтганлиги сабабли вилоят ҳокими асабий ҳолатда гапиришга мажбур бўлган»ини маълум қилди.

Сентябрь ойи бошида президент вилоятдаги барча мактабларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари тугалланмагани учун ҳокимни ишдан бўшатиш билан таҳдид қилган эди. Шавкат Мирзиёев Ангор тумани прокурори билан бўлган суҳбатга тўхталиб, «Агар чарчаган бўлсангиз, сизни ҳам лавозимингиздан четлатаман», деди.

Кўп ўтмай, Тўра Боболовнинг Қизириқ тумани ҳокими ва кластер раҳбарини қўпол равишда қоралаган янги аудиоёзув пайдо бўлди. Ҳокимлик ёзув январ ойида олинганини маълум қилди ва суҳбат чоғида ҳокимнинг асабий ҳолатини яна бир бор қайд этди.