Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг Ангор туман прокурори Сирожиддин Рамазоновни ҳақоратлаган аудиоси тарқалди.

Ҳуқуқшунос Зафар Солижонов эълон қилган аудиода вилоят раҳбари тахминан Ангор туман ҳокимига қарата уни тўғри тушуниши, прокурори томоша қилиб ўтирганини таъкидлаган. Мазкур суҳбат телефонда бўлган бўлиши мумкин, сабаби Тўра Боболов туман прокурори эшитаётган ёки йўқлигини сўраб, «трубка»ни беришни буюрган.

Сирожиддин Рамазонов ҳокимга салом берган, Боболов эса алик олмасдан унинг ишини танқид қилишга ўтган.

«Туманга нима ёрдам бераяпсан, қани? Сен ҳам прокурормисан? Сен қонунийликни таъминлашинг керак. Сектор раҳбарисан, бирорта ишга ёрдам бермагансан. Бирорта ёрдам бераётганинг йўқ», — деди Тўра Боболов.

Иккинчи томондан эса тахминан прокурорнинг овози вилоят раҳбарини гапини бўлиб, шундай дегани эшитилди: «Ҳамма соҳа бўйича ёрдам бераяпман».

Ҳоким эса уни ташкилотларни чақириб, безовта қилаётгани, ноқонуний ҳаракат қилаётгани учун койиб берган. Прокурор эса «ташкилотларни у чақирмагани», балки уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини айтган. «Давлатни пулини егани учун чақирганман уни. Топшириқ бўлди, қайта текшираяпмиз Тўра Абдиевич», — деди Ангор прокурори. Бироқ аудиодан айнан қайси ташкилот ёки шахс ҳақида гап кетаётганини англаш қийин.

Шундан сўнг, прокурор унинг гапини қайта ва қайта бўлгани учун вилоят ҳокимининг жахли янада чиқиб, шахсиятга ўта бошлаган: «Давлатни пулини еган бўлса, қамаб ташла тушундингми? Емаган бўлса, жавоб бер (тахминан қўйиб юбориш назарда тутилмоқда — таҳр.). Тилингни бир қарич қилма, валломат бўлсанг ҳам. Тилингни бир қарич қиласан менга, кимсан ўзи сен? Менга ғўддайма, ёқмаётган бўлса кет *****. Сен нима демоқчисан менга? Сенга ўхшаганларни ****. Сен мени совунимга кир ювмабсан. Шошмай тур, *********».

«Саволимга жавоб бер, техникани киритдингми? Экспорт қилдингми? Жавоб бер деяпман сенга», — дея ўдағайлаган ҳоким. Шундан сўнг, аудиода суҳбат бошқа биров билан давом этгани эшитилган. Иккинчи томонда кимлиги номаълум.

«Ангорни прокурорини тили бир қарич-ку. Нима мени қўрқади деб ўйлаяпсизларми? Ҳозир масаласини қўяман, бу аҳмоқни. Бирорта ишни қилмаган, на экспорт, на қишлоқ хўжалиги… ҳаммасини ташлаб қўйган», — деди Тўра Боболов. Аудио сифати жуда пастлиги сабаб суҳбатнинг давомида айнан нималар назарда тутилаётганини англаш мушкул.

Мазкур аудио юзасидан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати дастлабки муносабатни билдирди.

«Аудиоматериал жорий йилнинг феврал ойида ҳокимлик соатида бўлиб ўтган муҳокамадан кесиб олиниб, бошқача талқин қилинган. Асл ҳолатда йиғилишда кун тартибига қўйилган масалалар муҳокамаси жараёнида вилоят раҳбари Ангор тумани сектор раҳбарларидан туманнинг инвестиция, экспорт ва солиқ тушумлари бўйича йўл қўйган хато ва камчиликларини танқидий муҳокама қилиб, танбеҳ берган. Шу жумладан, туман прокурорига ҳам», — дейилади хабарда. Бироқ, аудиодан суҳбат йиғилишда эмас, балки қўнғироқ орқали бўлганини англаш мумкин.

Таъкидланишича, «мазкур йиғилиш танқидий руҳда ўтганлиги сабабли вилоят ҳокими асабий ҳолатда гапиришга мажбур бўлган».

«Агар ушбу йиғилиш жараёнидан кесиб олиниб монтаж қилинган ва турлича талқин этилаётган аудиоматериалдаги ҳолатлар ўрганиш натижасида қонунга хилоф деб топилса, қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилишига тайёрлигини маълум қиламиз», — дейилади ҳокимлик баёнотида.

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳам ўзининг муносабатини эълон қилди. «Тарқатилган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар Бош прокуратура томонидан ўрганилмоқда», — дейилади хабарда.