Президент Шавкат Мирзиёев Фарғонада Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этмоқда.

Давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, йиғилишда ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги ишлар аҳволи таҳлил қилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб берилади.

«Биз ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ инсон қадрини улуғлашни энг олий қадрият сифатида эътироф этдик ва бу борада катта ўзгаришларни бошладик. Янги Ўзбекистон, бу — ҳуқуқий давлат эканлигини янгиланган Конституциямизда ҳам муҳрлаб қўйдик», — деди давлат раҳбари.

«Ягона мақсадимиз — адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали халқимизни рози қилишдан иборат», — деди у.

Шавкат Мирзиёев охирги икки йил ичида ҳуқуқ-тартибот фаолиятига оид қонун (10 та), президент фармон ва қарорлари (40 га яқин), ҳукумат қарорлари (60 дан ортиқ) қабул қилинганини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари, айниқса ички ишлар ходимларининг ойлик маоши кескин оширилди ва кўплаб имтиёзлар берилган. Бевосита «маҳалладаги бешлиги"(МФЙ раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда профилактика инспектори — «Газета.uz») учун 30 мингдан ортиқ янги штатлар киритилган.

«Аслида ҳам, аҳолининг тинчлигини таъминлаш маҳалладан бошланиши керак. Лекин маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш аҳволидан халқимиз қанчалик рози?», — дея савол қўйди президент.

Маълумотларга кўра, ўтган олти ойда маҳаллаларда барвақт олдини олиш мумкин бўлган 12 мингга яқин жиноят содир этилган.

Қотиллик ва тан жароҳати билан боғлиқ жиноятларнинг 50 фоизи оилавий-маиший низолар ва мунтазам жанжаллар оқибатида, ўғриликнинг 70 фоизи ишсизлик ва моддий етишмовчилик сабаб, ёшлар ва ўсмирлар жиноятлари, асосан, оиладаги муҳит ва ҳуқуқий саводхонлик етишмаслиги туфайли содир бўлмоқда.

«Айрим ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари жиноятчиликни олдини олишда жиловни қўйиб юборган», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Улар орасида шахсий манфаатларини касбий мажбуриятларидан устун кўраётган, ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлашга номуносиб бўлган бир қатор раҳбарлар ҳам бор», — деди давлат раҳбари.

Йиғилишда мамлакат бўйича криминоген вазият мураккаб бўлган, «қизил» тоифага киритилган маҳаллалар энг кўп Тошкент шаҳри, Фарғона, Қашқадарё, Бухоро ва Наманган вилоятларига тўғри келгани кўрсатиб ўтилди.

Ўтган олти ойда маҳалладаги ўта оғир ва оғир жиноятлар Фарғона, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри, Бухоро, Андижон, Қашқадарё вилоятларида энг кўп содир этилган.

Фарғона шаҳрида ўғрилик, Наманган шаҳрида безорилик, Қўқон шаҳрида тан жароҳати, Самарқанд шаҳрида номусга тегиш ва товламачилик, Миробод туманида қотиллик кўп юз берган.