2023−2024 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари 2023 йил 1 август кунидан бошланади. Бу ҳақда Билимни баҳолаш агентлиги хабар берди.

Тест синовлари кунига икки сменада ўтказилиб:

1-сменада — 08:00 дан 11:00 га қадар;

2-сменада — 15:00 дан 18:00 га қадар бўлиб ўтади.

Тест синовлари ҳудудлардаги абитуриентлар сони ва тест синовлари ўтказиладиган бинолар сиғимидан келиб чиққан ҳолда 11 кундан 13 кунгача давом этади ва 13 август куни тўлиқ якунланади.

Шунингдек, бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтган абитуриентларга «Абитуриент рухсатномаси»ни бериш бошланди.

Абитуриентлар тест синовларида иштирок этиш учун «Абитуриент рухсатномаси»ни my.uzbmb.uz сайтига шахсий идентификация рақами ҳамда паспорт серияси ва рақамини киритган ҳолда олишлари мумкин.

Бу йил олийгоҳларга ўқишга кириш учун ҳужжат топширган 1 млн 18 минг 7 нафар абитуриентнинг 948 486 нафари тест синовида қатнашади. Уларнинг ярмидан кўпи кундузги таълимни танлаган. Қолаверса, энг кўп — 33 721 нафар абитуриент ҳар йилгидек Ўзбекистон миллий университетига ўқишга кириш ниятида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2023/2024 ўқув йили учун тест синовлари 92 та ёпиқ иншоотда ўтказилади. Пандемия туфайли жараён 3 йилдан буён очиқ ҳавода ташкил этилаётганди. Май ойи бошида ЖССТ коронавирус глобал фавқулодда ҳолат мақомини йўқотганини маълум қилган.