2023 йилда ОТМга кириш учун ҳужжат топширган 1 млн 18 минг 7 нафар абитуриентнинг 948 486 нафари тест синовида иштирок этади. Билимни баҳолаш агентлиги имтиҳонда қатнашадиган абитуриентлар статистикасини эълон қилди.

Маълумотларга кўра, 69 минг 521 кишининг топширган ҳужжати турли сабаблар билан қабул қилинмаган. Улар тестга кириш учун тўловни амалга оширмаган бўлиши мумкин, дея ёзмоқда ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев.

Энг кўп абитуриентлар таълим тили бўйича ўзбек тилида ўқишни танлаган.

  • Ўзбек тили — 828 699 нафар;
  • Рус тили — 88 830 нафар;
  • Қорақалпоқ тили — 28 718 нафар;
  • Бошқа тиллар — 2 239 нафар.

Абитуриентларнинг таълим шакллари бўйича тақсимоти (биринчи таълим йўналишига нисбатан):

  • Кундузги таълим шакли — 545 616 нафар;
  • Кечки таълим шакли — 22 867 нафар;
  • Сиртқи таълим шакли — 373 169 нафар;
  • Масофавий таълим шакли — 6 834 нафар.

Энг кўп абитуриент ҳар йилгидек Ўзбекистон миллий университетига ўқишга кириш ниятида — 33 721 нафар. Рўйхатдан ўтганларнинг (биринчи таълим йўналишига нисбатан) 28 474 нафари Тошкент давлат транспорт университетига кириш учун имтиҳон топширади. Шунингдек, Фарғона давлат университетига 28 188 нафар, Тошкент давлат педагогика университетига 26 827 нафар, Қарши давлат университетига 26 640 нафар абитуриент ҳужжат топширган.

Энг кўп абитуриент рўйхатдан ўтган ҳудудлар қуйидагилар (доимий яшаш ҳудуди бўйича):

  • Қашқадарё вилояти — 112 242 нафар.
  • Самарқанд вилояти — 105 805 нафар.
  • Фарғона вилояти — 89 022 нафар.
  • Тошкент вилояти — 82 173 нафар.
  • Сурхондарё вилояти — 79 004 нафар.