Марказий банк бошқарувининг 27 июлдаги йиғилиши бўйича баёнотда ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун бюджет дефицитини белгиланган параметрлар даражасидан ошмаслигини таъминлаш муҳим экани қайд этилди.

Регулятор қайд этишича, жорий йил якуни бўйича инфляция даражаси макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийси доирасида шаклланиб, 8,5−9,5 фоиз атрофида бўлиши борасидаги прогнозлар ўзгаришсиз қолдирилган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари импорт таъминотидаги сўнгги яхшиланиш динамикасининг давомийлиги бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда. Бундан ташқари, иқлим ўзгариши таъсирида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан боғлиқ харажатларни ўсиш хатарлари, юқори талаб динамикаси шароитида нархларга қўшимча босим яратиши мумкинлиги айтилган.

Келгуси даврларда базавий инфляция прогнози ва инфляцион кутилмаларнинг ишончли пасайиш траекториясига ўтиши, асосий ставкани пасайтириш имкониятларини янада ошириши таъкидланган.

Марказий банк пул-кредит шароитларининг ялпи талаб, нархлар ва инфляцион кутилмаларга таъсирларини баҳолаб, барча пул-кредит инструментлари инфляцияни жорий йилги прогноз коридори доирасида шаклланишини ва ўрта муддатда таргет кўрсаткичларига эришишни таъминлашга қаратилишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиргани хабар қилинганди. Регуляторнинг қайд этишича, инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасайишига қарамасдан, нархларга талаб омиллари билан боғлиқ босимлар сақланиб қолмоқда.

Шунингдек, «Газета.uz» январнинг 8 кунида давлат бюджети харажатлари даромаддан 2,3 баравар ортиб, дефицит 5,5 трлн сўмга етгани, бу 2023 йил учун дефицит кутилмасининг бешдан бир қисмидан кўпроқ (25,1 трлн сўм) экани ҳақида ёзганди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эса даромад ва харажатлар бўйича маълумот беришни тўхтатгани келтириб ўтилган.

Кейинчалик Вазирлик январнинг биринчи ярмида давлат бюджети дефицитининг 5,5 трлн сўмга етишини совуқдан жабр кўрган 30 минг тадбиркорнинг солиқ қарздорлиги ўсиши ҳамда иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг молиялаштирилиши билан изоҳлаганди.