Ўзбекистонда январь ойининг 8 кунида давлат бюджети харажатлари даромадлардан 2,3 баробар ошиб, дефицит кўрсаткичи 5,54 триллион сўмга етди. Бу Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «Газета.uz» эътиборини тортган маълумотларида акс этган.

Вазирлик 2019 йилдан бошлаб #BudgetUz2019, #BudgetUz2020 ва бошқа хештеглар остида давлат бюджети даромадлари ва тушумлари, шунингдек, харажатлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиб келмоқда. Маълумотлар одатда иш кунларида тақдим этилади.

2023 йилда эса вазирлик 4−6 январь ва 9−13 январь, яъни атиги 8 кунлик маълумотларни эълон қилди. Шундан сўнг бу бўйича маълумотлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги каналида акс этмай қўйди, таққослаш учун, 2022 йилда #BudgetUz2022 хештеги остида жами 219 та хабар эълон қилинганди.

давлат бюджети

Ушбу даврдаги даромадлар 4,37 триллион сўмни ташкил этди, бу 2022 йилнинг 8 кунидаги даромадга нисбатан 18,9 фоизга (5,39 триллион сўм) ва 2021 йилга (4,26 триллион сўм) нисбатан 2,6 фоизга кам ҳисобланади. Харажатлар 73,6 фоизга ўсди — 2022 йилдаги 5,7 триллион сўмдан 9,9 триллион сўмгача.

Агар 2021 йилнинг 8 кунида тақчиллик 270,8 миллиард сўмни, 2022 йилнинг 8 кунида 318 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 5,54 триллион сўмга етган (мос равишда 17,4 ва 20,4 баробар кўп). Рақамлар 2023 йилга режалаштирилган давлат бюджети тақчиллигининг 22 фоизига етиб улгурган — 25,13 триллион сўм.

2023 йил бошида давлат бюджети тушум ва даромадларининг камайиши энергетика инқирози ҳамда электр ва газ таъминотидаги узилишлар туфайли Ўзбекистонда кўплаб корхоналар фаолияти тўхтаб қолган пайтга тўғри келди.

Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев февраль ойи бошида Фарғона водийсига ташрифи чоғида ҳам айтиб ўтганди. «Бу йил қиш жуда совуқ келди. Бундан кўплаб тадбиркорлар жабр кўрганини биламан», — деганди давлат раҳбари.

Хусусан, республикада 3 мингта ҳудудий саноат корхонасида 7 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмаган (уларда 350 минг аҳоли банд). Ҳисоб-китобга кўра, зарур чоралар кўрилмаса, биринчи чоракда ялпи маҳсулот ўсиши 1,5 фоизгача пасайиши мумкин (5 фоиздан 3,5 фоизгача).

️"Олдимизда долзарб вазифа — «қаттиқ совуқ» оқибатларини бартараф этиб, бизнес фаолиятини тезроқ изга тушириш", — деган Шавкат Мирзиёев. Шу боис иқтисодиётда йўқотишлар ўрнини қоплаш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида қарор имзоланган.

Шу муносабат билан президент биринчи чоракда ЯИМ пасайишига йўл қўймаслик учун совуқдан жабр кўрган тадбиркорлар қўллаб-қувватланишини маълум қилган. Тадбиркорлик субъектларига кредит тўлаш муддати узайтирилади, қарзни бўлиб-бўлиб тўлаш, фоиз ва «пеня» ҳисобини тўхтатиб туриш ва бошқа имкониятлар яратилади.

2022 йилда ҳукумат давлат бюджетининг ялпи ички маҳсулот 3 фоизи миқдоридаги чегарасини бажармаган, шу сабабли парламент харажатларни 2 миллиард долларга ошириш ва ЯИМнинг 4 фоизигача бўлган чегарани тасдиқлаган. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов давлат харажатларининг ўсиши ҳисобига инфляция даражаси кутилганидан юқори эканини билдирган. Инфляцияни ушлаб туришда бюджет консолидациясининг роли ошганини таъкидлаган.

2023 йилда давлат бюджети тақчиллиги чегараси ЯИМга нисбатан 3% миқдорида белгиланган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Газета.uz» сўровига ҳозирча жавоб бергани йўқ.