Хоразм вилояти Хонқа туманида корхонадан таркибида ифлослантирувчи моддалари бўлган оқова сувлар чиқиши оқибатида 2600 дан ортиқ балиқ нобуд бўлди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси ахборот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, «Мадир» қишлоғи ва «Илғор» маҳалласида жойлашган «Хонқа биллур салт» туз ва йодланган туз маҳсулотлари ишлаб чиқариш хусусий корхонаси томонидан тузларни қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўладиган, таркибида ифлослантирувчи моддалари бўлган оқова сувлар захкашга оқизилган.

Оқибатда захкашда 2370 та карас, 240 та гамбус, 46 та шамайка, 5 та леш, 3 та илонбош ва 1 та оқ амур — жами 2665 та турли хилдаги балиқ нобуд бўлган. Ҳайвонот дунёсига жами 223 млн 380 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан Хонқа тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 196-моддаси 1-қисми (Атроф табиий муҳитни ифлослантириш: ерларни ифлослантириш ёки бузиш, сув ёки атмосфера ҳавосини ифлослантириш одамларнинг оммавий равишда касалланиши, ҳайвонлар, паррандалар ёки балиқларнинг қирилиб кетиши ёки бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Тергов натижасига кўра, Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши тугатилган.

Мазкур қарорнинг қонунийлиги туман прокуратураси томонидан ўрганилиб, бекор қилинган ва тергов ҳаракатларини ўтказиш учун Хонқа тумани ИИБ ҳузуридаги ТГга юборилган. Жиноят ишининг тергови вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.