Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида 3 киши канализацияда заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га маълум қилди.

Аниқланишича, 20 июль куни «Тошкент коммунал қурилиш сервис» МЧЖ ишчиси — 57 ёшли Қ.А. шаҳарнинг «Тўйтепа» МФЙсида жойлашган сув оқова тармоғи (канализация) қудуғига тушиб, тозалаш ишларини олиб бораётган бўлган. Шу вақтда қудуқ ичидан чиққан заҳарли газ аралашмасидан бўғилиб, ҳушидан кетган.

Ўша ерда бўлган С.М. (23 ёши), Е.К. (55 ёш) ва Ф.Ш. (27 ёш) қудуқ ичига ёрдам бериш мақсадида тушган, аммо улар ҳам ҳушидан кетган.

Оқибатда Қ.А., С.М. ва Е.К. ҳодиса жойида вафот этган. Ф.Ш. эса ҳушсиз ҳолатда шаҳар марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, фуқароларнинг ўлимига водород сульфиддан ўткир заҳарланиш, ўткир нафас, юрак-қон томир етишмовчилиги кабилар сабаб бўлган.

Шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «б» банди (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш: бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.