Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска тўрт ярим йиллик фаолиятидан сўнг мамлакатдаги миссиясини якунламоқда, 20 июль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан хайрлашув учрашувини ўтказди. Бу ҳақда БМТТДнинг мамлакатдаги ваколатхонаси хабар берди.

Томонлар биргаликдаги ишларни сарҳисоб қилдилар. Матильда Димовска «Ўзбекистон ҳукумати ва ривожланиш бўйича ҳамкорларга кўрсатган улкан қўллаб-қувватлови ва садоқати учун чуқур миннатдорлик» билдирди.

«БМТТД глобал ривожланиш саъй-ҳаракатларини илгари суриш тарафдори бўлиб қолади ҳамда Ўзбекистонда барқарор, инклюзив ва фаровон жамиятни барпо этишни қўллаб-қувватлашда давом этади», — деилади хабарда.

Учрашув ҳақида вазир Бахтиёр Саидов ҳам Telegram-каналида ёзди: «БМТТД билан яқин ҳамкорлик ва аниқ натижаларга эришишга қўшган ҳиссаси учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз».

«Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга содиқдир», — деди ТИВ раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Матильда Димовска «Газета.uz»нинг доимий муаллифи ҳисобланади. У мамлакатни кўкаламзорлаштириш бўйича «Яшил Макон» лойиҳасининг тўғри методологияси, ташаббусли бюджет, гендер асосидаги зўравонликка қарши кураш ва бошқа долзарб мавзулар бўйича мақолаларини чоп эттирди. Кўп ҳолларда бу мақолалар Ўзбекистон давлат органлари томонидан ўрганиш учун асос бўлди. Матильда Димовска муаллифлигидаги мақолаларни қуйида ўқишингиз мумкин.