Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Вазирлар Маҳкамасининг «Умумтаълим мактабларини замонавий компьютер техникалари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Унга кўра, Рақамли технологиялари вазирлиги 2024 йил 1 январга қадар умумтаълим мактаблари учун юқори тезликда ва чекловларсиз кириш имконини берадиган янги тариф режасини ишлаб чиқиши кўзда тутилган.

Бунда, таълим муассасаларида 400 нафаргача ўқувчиси бўлган умумий ўрта таълим муассасаларида интернет тезлиги камида 40 Мбит/с, ўқувчилар сони 400 нафардан кўп бўлганларда — камида 100 Мбит/с бўлади.

«New Education» тариф режасининг ҳар бир тезликдаги пакети учун ҳар ойлик абонент тўлови миқдорларини белгилаш ва бунда таълим ташкилотлари томонидан интернет хизматларидан тунги вақтда фойдаланилмаслиги инобатга олинади.

Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари умумтаълим мактабларини юқори тезликдаги интернетга улаш ҳамда йил давомида узлуксиз ишлаши учун зарур маблағларни ўз вақтида маҳаллий бюджетдан молиялаштириб бориши кўзда тутилган.

Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига Рақамли технологиялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 декабрга қадар халқаро тажрибаларни ўрганган ҳолда таълим муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш мақсадида STEM фанларидан электрон таълим контентлари ва виртуал лаборатория ишларини яратиш чораларини кўриш топширилди.