17 июль куни Остона шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон бош вазирлари ўринбосарлари Жамшид Ходжаев ва Серик Жумангарин қўшма ишчи гуруҳ йиғилишини ўтказди. Томонлар икки давлат президентларининг 2022 йил декабрь ойида бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича амалга оширилиши режалаштирилган қўшма лойиҳалар, инвестиция шартномалари ва савдо шартномалари ижросини кўриб чиқди.

Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати хабарига кўра, томонлар иқтисодиётнинг турли соҳаларида йирик лойиҳаларни режалаштирган. Хусусан, Қарағанда вилоятида Artel маиший техникаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа бир неча босқичларга бўлинган ва 2025 йилда ишга туширилиши керак. Artel бренди остида ошхона печлари, чангютгичлар, телевизорлар, мини печлар, кир ювиш машиналари ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Қозоғистон бу соҳадаги ривожланиш потенциалини 8,95 миллиард долларга баҳоламоқда, шундан 7,97 миллиард доллари экспортга тўғри келади. Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш аллақачон якунланган, қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда, жиҳозларнинг 10 фоизга яқини етказиб берилган.

Чимкент ва Туркистон вилоятларида тўқимачилик комплексларини яратиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Апрелда томонлар Zhanassyl заводида ўзбек чигит навларини тажриба сифатида экиш ва қайта ишлаш бўйича келишиб олди. Ҳозирда вилоятда 30 гектар майдонга «Наманган-77» уруғи сепилган.

Йирик инфратузилма лойиҳалари билан бир қаторда, томонлар агросаноат мажмуасидаги лойиҳалар бўйича ҳам ҳамкорлик қилмоқда. Буларга мева ва резавор экинларни қайта ишлаш заводи, кунгабоқар ёғини қайта ишлаш заводи, 20 минг бош қорамолга мўлжалланган боқув майдони ва гўштни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши ва бошқалар киради.

Учрашув иштирокчилари чегара пунктларининг ўтказиш қобилиятини ошириш, Қозоғистон кўмирини Ўзбекистонга ташиш тарифларини ошириш, «Хитой-Қозоғистон-Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон» мультимодал транспорт йўналишини фаоллаштириш имкониятларини муҳокама қилди.

2025 йилга бориб, Ўзбекистонда ишлаб чиқаришнинг қисқариши ва иссиқхоналар, цемент ва ғишт заводлари, болалар боғчалари, мактаблар ва шифохоналар кўмир ёқилғисига ўтказилиши фонида Қозоғистон энергетик кўмирининг Ўзбекистонга экспортини йилига 0,5 миллион тоннадан 12,8 миллион тоннагача ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, Қозоғистон ун маҳсулотларининг Ўзбекистон ҳудуди орқали транзити учун тарифларни пасайтириш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди. Қозоғистондан Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистонга ун экспорти ҳажми 2017 йилда тарихий максимал даража — 1,209 миллион тоннага етди. Кейинги йилларда бу кўрсаткич сезиларли даражада камайди: 2021 йилда — 536 минг тонна, 2022 йилда — 816 минг тонна, 2023 йилнинг олти ойида — 275 минг тонна.

Афғонистон Ўзбекистон учун йирик ун бозори ҳисобланади. 2020 йилда Ўзбекистон томони бу мамлакатга 217,5 миллион долларлик ун экспорт қилди, бу эса Афғонистонга умумий экспортнинг 28 фоизини ташкил этди. Ўтган йили Ўзбекистон 357,7 миллион долларлик дон ва ун маҳсулотлари экспорт қилди бунинг асосий қисми Афғонистон бозорига тўғри келди.

Қозоғистон томони Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистонга темир йўл орқали транзит ташишда базавий тарифга тариф имтиёзларини бериш имкониятини кўриб чиқиш илтимоси билан Ўзбекистон томонига мурожаат қилди. Йиғилиш иштирокчилари темир йўл ташувлари учун қулай тариф шартларини муҳокама қилиш ва аниқ таклифлар ишлаб чиқиш учун эксперт ишчи гуруҳи тузишга келишиб олдилар.

Аввал хабар берганимиздек, UzAuto Motors 2024 йилнинг биринчи чорагида Қозоғистонда Chevrolet Onix автомобилларини кичик узелли йиғишни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Ушбу моделни йирик узелли йиғиш ишлари жорий йилнинг май ойидан бошланган.