Ўзбекистон Марказий банки томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, аҳоли томонидан сезилаётган инфляция даражаси бешинчи ой кетма-кет пасайди. Июнь ойида у яна 0,7 фоиз пунктига пасайиб, 12,9 фоизни ташкил қилди. Бу шарҳ нашр этила бошланган вақтдан бери минимал кўрсаткич ҳисобланади. Охирги марта сезилган инфляция 2022 йилнинг февралида (13,1%) шундай паст даражада бўлганди.

инфляция, марказий банк, сезилган инфляция

Аввал хабар берганимиздек, январь ойидаги аномал совуқ фонида аҳоли нархларнинг ўсишини 19,5 фоизга баҳолаган, шундан сўнг кўрсаткичда доимий пасайиш кузатилмоқда.

Июнь ойида йиллик 9 фоизни ташкил этган расмий инфляция билан сезилган инфляция орасидаги фарқ 3,9 фоизни ташкил этди.

Респондентларнинг аксарияти нархларнинг 9−12 фоизга ва 6−8 фоизга ошганини сезган, лекин сўровномада қатнашганлар сони май ойига нисбатан камайди. Шу билан бирга, инфляцияни 5 фоиз ёки ундан камроқ даражада баҳолаган респондентлар сони кескин ошди.

инфляция, марказий банк, сезилган инфляция

Июнь ойида инфляциянинг сезилаётган даражаси бўйича энг юқори кўрсаткич қуйидаги ҳудудларда кузатилган:

Тошкент шаҳрида — 17 фоиз (май ойида — 16,1 фоиз);

Бухоро вилоятида — 13,5 фоиз (14,3 фоиз);

Самарқандда — 13,3 фоиз (12,1 фоиз);

Тошкент вилоятида — 13,2 фоиз (12 фоиз);

Наманганда — 13,1 фоиз (16,3 фоиз).

Нархларнинг энг кам ўсиши Қорақалпоғистон — 10,4 фоиз (12 фоиз), Жиззах — 11 фоиз (11,7 фоиз), Сурхондарёда — 11,7 фоиз (11,7 фоиз) сезилган.

Ўтган ойда ишлаб чиқариш соҳасида ишлайдиган ходимлар, нафақахўрлар, ахборот технологиялари ва медиа соҳалари вакиллари сезган инфляция даражаси бошқа соҳада фаолият олиб борадиганларга нисбатан юқорироқ бўлди.

инфляция, марказий банк, сезилган инфляция

Аксарият респондентлар шакар ва қандолат маҳсулотлари (респондентларнинг 37,1 фоизи), гўшт ва сут (33,4 фоиз), қурилиш материаллари (33,1 фоиз), дори-дармонлар (24,1 фоиз), кафе ва ресторанлар (19,5 фоиз), кийим-кечак ва пойабзал (19 фоиз), маиший техника (18,9 фоиз) нархларининг юқори ўсишини сезган.

Аҳолининг деярли барча даромад гуруҳлари (даромадлари 1 миллион сўмдан кам бўлган гуруҳлардан 15 миллион сўмдан ортиқ бўлган гуруҳларгача) шакар ва қандолат маҳсулотлари, гўшт ва сут, шунингдек, қурилиш материаллари нархларининг ошишини кўпроқ сезган.

инфляция, марказий банк, сезилган инфляция

Даромадлари паст (1 миллион сўмгача ва ундан паст, шунингдек, 1−2 миллион киши) респондентлар, шунингдек, дори-дармон, саёҳат ва транспорт, кийим-кечак ва пойабзал, ёғ-мой маҳсулотлари нархлари ошганини таъкидлади. Уларга таъмирлаш, сабзавот ва мевалар, кафе ва ресторанлар, тиббий хизматлар нархларининг ошиши нисбатан камроқ сезилган.

Даромадлари 2−4 миллион сўм бўлган респондентлар дори-дармон, маиший техника, кийим-кечак ва пойабзал нархларига нисбатан сезгирроқ бўлиб чиқди. Шу билан бирга, ушбу гуруҳнинг нисбатан кичик қисми мева ва сабзавотлар нархининг ошишини қайд этди.

Даромадлари 4−10 миллион сўмгача бўлган аҳоли тоифаси ҳам дори-дармон, кафе ва ресторанлар нархларининг ошишини кўпроқ ҳис қилди.

Энг бадавлат хонадонлар (15 миллион сўм ва ундан кўп) дори-дармонлар, кафе ва ресторанлар, ижара ҳақи, тиббий хизматлар, шунингдек, сабзавот ва мевалар нархлари ошишини кўпроқ сезган. Шу билан бирга, улар транспорт ва ичимликлар нархининг ошишини камроқ пайқаган.