Ижтимоий тармоқларда каналдан ўтган қувур устида ўтирган йигит итни сувга улоқтиргани, жониворни оқим олиб кетаётгани акс этган видео тарқалди.

Йигит жараённи видеога олган бошқа бир йигитнинг кўрсатмаси билан жониворни сувга улоқтирган. Орқа фонда унинг кулгисини эшитиш мумкин. Изоҳларда видеонинг TikTok учун мўлжаллангани қайд этилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, йигитларнинг шахси аниқланган, Самарқанд вилояти Булунғур тумани ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. «Натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», — дейилади Бош прокуратура хабарида.

Кейинроқ Самарқанд вилояти ИИБ ёшлар Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликлари учун жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар берди. Уларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараварича (990 000 сўм) жарима солинди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жаҳонгир Сагдуллаевнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ит омон қолган.

ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш