Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ҳузурида Маданиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилади. Қонунчилик базасида бу бўйича президент қарори эълон қилинган.

Унга кўра, жамғармани тузишдан Қорақалпоғистонда маданият ва санъат соҳаси вакиллари ва ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг маданиятини уйғун ҳолда ривожлантириш, гастроль сафарларини молиялаштириш мақсад қилинган.

Жамғармани республика, шаҳар, туман бюджетининг қўшимча манбалари, халқаро молия ташкилотлари, ҳомийлик хайриялари ва бошқа манбалар молиялаштиради.

Хусусан, Маданият ва туризм вазирлиги жамғармага Ўзбекистон бюджетидан 2023 йилда вазирлик учун ажратилган пуллардан 20 млрд сўмини ажратади.

Ташкилотга ажратилган пуллар ҳисобидан маданият ва санъат соҳаси вакиллари, иқтидорли ижодкорлар ва, айниқса, ёшлар моддий қўллаб-қувватланади. Оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган, ижтимоий ҳимояга муҳтож маданият ходимларига ёрдам кўрсатилади.

Шунингдек, маданият ва санъат ташкилотлари фаолиятига ҳам жамғарма моддий ёрдам қилади. Бадиий жамоаларнинг маҳаллий ва хорижий гастроль сафарларини ташкил этади. Маданият ташкилотларининг бинолари ва бошқа объектларнинг қурилиш-монтаж ишлари, жойларни илғор технологиялар билан таъминлаш вазифаси ҳам жамғарма зиммасига юклатилмоқда.