АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси якшанба куни бўлиб ўтган муддатидан илгари президентлик сайлови якунлари бўйича баёнот берди.

Баёнотда айтилишича, элчихона «Ўзбекистон ватандошларини сайловдаги иштироки учун олқишлайди ҳамда сайловда президент [Шавкат] Мирзиёевни қўллаб-қувватлаганини қайд этади».

«Президент Мирзиёев янги ваколатлари доирасида ўз вазифасини бажаришга киришар экан, Қўшма Штатлар унинг ислоҳотлар ва бошқарув тизимини такомиллаштириш, жумладан, қонун устуворлиги, ҳокимият тармоқлари ўртасидаги ўзаро назорат ва мувозанатни таъминлаш, шахсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш каби кун тартибида турган масалаларни илгари суришда ёрдам беришга тайёрлигини билдиради. Бу тамойилларга риоя қилиш вакиллар бошқарувининг асоси ҳисобланади», — дейилади баёнотда.

«Биз президент Мирзиёев ва Ўзбекистон ҳукумати билан АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий, таълим, одамлар орасидаги ўзаро муносабат ва хавфсизлик соҳаларидаги алоқаларни янада чуқурлаштириш йўлида ҳамкорлик қилишни кутиб қоламиз», — дейилади баёнотда.

Сайловни ҳам кузатган АҚШ элчихонаси ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) хулосаларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

«Демократик тизимлар сайлов жараёнларининг яхлитлигини таъминлашдан ташқари, фуқароларга ҳақиқий, рақобатбардош овоз бериш имкониятларини тақдим этиши керак. Қўшма Штатлар Ўзбекистон ҳукуматини ДИИҲБнинг бўлажак сайловлар бўйича тавсияларини тўлиқ бажаришга чақиради», — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, сайловда, Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Шавкат Мирзиёев 87,05 фоиз овоз билан ғалаба қозонган.