9 июнь куни ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловини кузатиш бўйича миссиясини очди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Урсула Гачек бошчилигидаги миссия Тошкентда жойлашган асосий жамоанинг 11 нафар экспертидан иборат. Яна 24 нафар узоқ муддатли кузатувчи бутун мамлакат бўйлаб жойлаштирилади ва 14 июнь куни иш бошлайди.

Бундан ташқари, ДИИҲБ ЕХҲТга аъзо давлатлардан сайловга бир неча кун қолганда етиб келадиган 250 нафар қисқа муддатли кузатувчини юборишни сўрашни режалаштирмоқда.

Миссия сайловларни ЕХҲТ мажбуриятлари ва демократик сайловлар учун бошқа халқаро мажбуриятлар ва стандартларга, шунингдек, миллий қонунчиликка мувофиқлигини баҳолайди. Кузатувчилар ДИИҲБнинг сайловлар бўйича олдинги тавсияларининг бажарилишини ҳам баҳолайди.

Миссиянинг дастлабки хулосалари сайловнинг эртаси куни жамоатчиликка тақдим этилади. Якуний ҳисобот сайловдан бир неча ой ўтгач эълон қилинади.

Ўзбекистонда муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказилиши Конституциянинг янги таҳрири қабул қилинганидан кейин эълон қилинганди.