Душанба куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси муддатидан илгари президент сайлови натижаларини эълон қилиб бўлгач, маҳаллий ва халқаро кузатувчилар, жумладан ОАВ вакиллари билан фикр алмашди.

Анжуманда «Amerika Ovozi» мухбири Навбаҳор Имомова комиссия аъзоларига иккита савол билан мурожаат қилди, унга эса МСК раиси Зайниддин Низомходжаев, унинг ўринбосари Баҳром Кучкаров, МСК котиби Худоёр Маматов ва аъзоси Шерзодхон Қудратхўжа жавоб беришга уриниб кўрди. «Газета.uz» ушбу савол-жавобни тўлиғича тақдим этади.

«Қанчалик мустақилсиз?»

мск, навбаҳор имомова, сайлов-2023

Навбаҳор Имомова:

— Биз халқаро ОАВ сифатида имкон қадар Ўзбекистон ҳақида холис ахборот беришни хоҳлаймиз, вазиятга оқ ва қора рангларда қарамаймиз. Шу боис ҳам мана бир ҳафтадан бери жамоатчилик фикрини ўрганиб юрибмиз. Ва биз гаплашган ўзбекистонликлар, ўнлаб одамларни назарда тутяпман, улар янги ёки демократик Ўзбекистонда эмас, реал Ўзбекистонда яшаётганини айтади. Улар яшаётган Ўзбекистонда аҳолининг 80−90 фоизи овоз беришга чиқмаяпти, улар 80−90% ҳукуматнинг сиёсатини қўллаб-қувватламаяпти. Улар президент Мирзиёевдан миннатдор, уни ҳар бир йўналишда қўллаб-қувватламасада, унга овоз беришга ҳозир эканликларини айтишди. Лекин улар яшаётган Ўзбекистонда танлаш имконияти чекланган, сиёсий мухолифат йўқ, [лекин] улар буни хоҳлашади.

Мана шу сайловчилар сизнинг органингизга (МСК — таҳр.) демократик институт ёки мустақил комиссия сифатида қарашмайди. Улар ҳатто кеча ҳам, бугун ҳам «комиссиянинг бизга чиқиб, биз ҳақимизда айтаётган гапларини кўп жиҳатдан ёлғон ва ҳурматсизлик деб ҳисоблаймиз, чунки бизнинг ичимиздаги гапларни акс эттирмаяпти», деб айтишди.

Сиз бунга қандай реакция билдирасиз, ўз ролингизни қандай кўрасиз, ислоҳотларнинг еттинчи йилида МСК нимаси билан бошқача? Масалан, Ислом Каримов пайтида ҳам шунга ўхшаш эълонлар бўлган, ҳозир қандай ишлайсиз ва қанчалик мустақилсиз?

мск, навбаҳор имомова, сайлов-2023

МСК раиси ўринбосари Баҳром Кучкаров:

— Комиссиянгиз мустақилми деганингизга [жавоб берсам]. Энди биз ўзимиздан келиб чиқиб гапирсак, биз мустақил эмасмиз, демаймиз. Сабаби биз мана фаолият юритган бўлсак, ҳали ҳеч ким келиб бизга бир тазйиқ ўтказиб, бизга бир кўрсатма бергани йўқ. Биз қонунга итоат қиламиз, биз қонунни ижро қиламиз. Конституцияда ва сайлов кодексида белгиланган ваколатдан келиб чиқиб фаолият юритамиз. Агарда кимдадир қандайдир факт бўлса, кимдадир фикр бўлса у ўзини фикри. Биз қандай фаолият олиб борганимизни ўзимиз биламиз. Албатта, бу фаолият мустақиллик асосига қурилади. Сайлов органи ҳамма жойда мустақил. Ҳали ҳеч ким «мустақил эмас», деб эътироз билдиргани йўқ.

мск, навбаҳор имомова, сайлов-2023

МСК котиби Худоёр Маматов:

— Муҳтарам журналистимизга илтимос бўларди, сиз «Ўзбекистон фуқаролари билан суҳбатлашдим ва бу жамият фикри» деб айтаётганингизда бу фикр албатта холис, бетараф бўлиши ва ҳақиқий жамият вакилларининг фикрларини акс эттириши керак. Агарда биз бугун жамиятнинг, фуқароларимизнинг ҳақиқий фикрини кўрмоқчи бўлсак кечаги сайлов ҳаммасини ёрқин кўрсатди. Ўзбекистон фуқаролари мамлакатда амалга оширилаётган сиёсатни мамлакатнинг очиқлик ва ошкоралик сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлашини сайловда ўзи намоён этди.

Қолаверса, сиз айтдингиз, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси хулосаларида ҳар доим ҳам МСКни танқид қилиб ўтади, кўп ҳам тан олавермайди, деб. Агарда хабарингиз бўлса, хулосалар билан танишган бўлсангиз, 2019 йил парламент сайловлари натижасига кўра, 2021 йил президент сайлови натижаларига кўра ва яқинда бўлиб ўтган референдум натижаларига кўра берган бюро миссиясининг хулосаларида МСК фаолиятига, унинг очиқ ва ошкоралигига жуда ҳам ижобий баҳо берилган. Мамлакатда ташкил этилган сайлов жараёни ҳам, референдум жараёни ҳам энг асосийси халқаро сайлов стандартларига мувофиқ эканини эътироф этган ҳолда, айрим уларнинг назарида, бизнинг сайлов қонунчилигимизда мавжуд бўлган, лекин халқаро стандартларда имплементация қилиш керак ва бундан кейин янада ривожлантириш керак бўлган нуқтаи назар юзасидан таклифларни ҳам берган.

Шунинг учун, мана бу аудиторияда ўтирган, кеча мамлакатимизда очиқ-ошкора ўтказилган сайлов жараёнини ўз кўзлари билан кўрган, айниқса, сайлов участкасида уни кузатган салкам 800 га яқин халқаро миссиялар, хорижий давлатларнинг вакиллари, кузатувчиларимиз ОАВ орқали ўз фикрлари ва хулосаларини бериб борди ва уларнинг аксарияти — деярли барчаси ижобий хулоса. Шунинг учун биз ҳамма ОАВдан, ўзларининг фикрларини билдиришда эркинлар албатта, шу эркинликка амал қилган ҳолда холислик ва бетарафлик тарафдан четга чиқмасликларини илтимос қилардик.

«Комиссия ЕХҲТ миссияси ҳисоботини эътироф этмайди»

Навбаҳор Имомова:

— ЕХҲТ (Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти) ҳамиша сиз айтган гапнинг аксини ҳисобот сифатида беради. Лекин бу комиссия у ҳисоботни кўп жиҳатдан эътироф этмайди. «Бизда демократик сайловлари ўтди, ҳаммаси рисоладагидек», деб айтасиз. Улар эса «асосий демократик талаблар бажарилмади, тўғри озгина прогресс бор ва биз ишлаяпмиз» деб айтади. Шу ерда ҳамкорлик тугайди, яъни ундан кейинги сайловгача яна бу мавзу ёпиқ. Қандайдир прогресс бўлиш керакку, тўғрими?

мск, навбаҳор имомова, сайлов-2023

МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев:

— ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловларда иштирок этиб, берган барча тавсияларини ҳозирги кунда ва охирги 5−6 йилда уларга қатъий эътибор қилинган ҳолда сайлов қонунчилигимизга имплементация қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Агарда аниқ рақамларга тўхтайдиган бўлсам, мана шу даврда бюро томонидан 30 га яқин тавсиялар ва таклифлар киритилган. Бугунги кунга келиб уларнинг 20 дан зиёди сайлов қонунчилигимизга имплементация қилинди.

Мана шу жараённи сайлов қонунчилиги, миллий қадриятларимиз ва сайлов тажрибамизга таянган ҳолда ҳамда қонунчилигимизни такомиллаштириш борасида махсус ишчи гуруҳи тузилган. Ишчи гуруҳи жуда ҳам салоҳиятли олимлар, халқаро ташкилотларнинг экспертларини жалб қилган ҳолда бугунги кунда ўрганишлар олиб борилмоқда ва улар давом этади. Янгиланган Конституциямиз талаблари асосида ҳам бу ишларимиз яқин келажакда давом этади. Мен ўйлайманки, биз мана шу бюронинг берган таклифларининг мақбулларини айнан сайлов қонунчилигимизга имплементация қиламиз.

Мен кириш сўзимда ҳам айтдим, мана шундай мулоқотлар, хусусан, мана бу муддатдан илгари бўлиб ўтган президент сайловида ҳам халқаро ташкилотларда бизнинг сайловимизни кузатишга келган миссия аъзолари бевосита жойларда ва МСК билан учрашувлар давомида тайёргарлик кўриш ишларимиздан олинган маълумотларга асосан сайлов жараёнлари юксак демократик талаблар асосида такомиллаштирилганини эътироф этишди. ОАВ, газета ва журналлар, интервьюларда ҳам улар ўзларининг фикрларини айтиб ўтишди.

«Бюрони биз олий ҳакам деб ҳисоблай олмаймиз»

МСК раиси ўринбосари Баҳром Кучкаров:

— Ўзбекистон аҳолиси 36 миллион, сайловчилари 22 миллион, демак ҳамманинг ҳам фикри ҳар хил бўлиши мумкин. Кечаги сайловда нафақат телевидение орқали, балки участкаларга бориб ҳам биз фаолликни кўрдик. Фаоллик бу кимга овоз бериш эмас, биринчи навбатда бизга мана шу сайловчиларни фаоллиги сайловга қизиқишини намоён қилди. Мана шундан хулоса қилсак бўлади. Иккинчидан, албатта (ЕХҲТ ДИИҲБ) бюронинг тавсиялари олинмади десак нотўғри бўлади.

Тавсиялар олиняпти, агар биз янгиланган Конституцияга қарайдиган бўлсак, мана шу муомалага лаёқатсиз деб топилган инсонларнинг сайлов ҳуқуқларини чеклаш олиб ташлангани, маҳкумларнинг сайлов ҳуқуқи чеклови олиб ташлангани ва сайлов тизимида қилинган ўзгаришлар, бу ҳам мана шу бюрони тавсияларини акс эттиради. Бюро бир неча йиллар давомида мана шуни гапирган эди. Мана янгиланган Конституцияда ўз аксини топди. Бундан ташқари, Ўзбекистон мана шу бизнинг берган хулосаларимиздан келиб чиқиб, ўзгаришларни қонунчиликка киритди, деб бюро ҳам ўз хулосаларида тан олган.

Биз бюрони олий ҳакам деб ҳисоблай олмаймиз, чунки [сайловни кузатаётган] бошқа миссиялар ҳам бор. Албатта, бюро билан бирга ишлаймиз, ҳамкорлигимиз бор, буни бюрони ўзи ҳам таъкидлаган ва албатта бу бир кунлик иш эмас. Босқичма-босқич ўзгаришлар киритиб бориляпти ва Ўзбекистон, албатта, ўзига маъқул бўлган ўзгаришларни ва тавсияларни қабул қилиб, қонунчиликка киритиб, имплементация қилиб боряпти. Бу ерда бир нарсани ҳисобга олишимиз керак. Бу ёндашувда Ўзбекистоннинг ўзини қонунчилик тизими хусусиятлари бор, ўз сиёсий маданияти бор, ўз ҳуқуқий маданияти бор. Мана шу нуқтаи назардан балки [тавсияларни] қабул қилганимиз тўғри бўлар.

«Биз сайловни ЕХҲТга ёқиш учун ўтказмаймиз»

мск, навбаҳор имомова, сайлов-2023

МСК аъзоси Шерзодхон Қудратхўжа:

— Мен медиа номидан гапирмоқчиман, ўзим Миллий медиа бирлашмаси раисиман. Навбаҳор Имомовани анчадан бери биламан. Лекин икки файласуф баҳслашганда Суқрот айтган экан «Менга ҳақиқат биринчи ўринда», деб, шунинг учун гапимга хафа бўлмайсиз. Сиз кеча Америка яшайсиз, кеча келдингиз, кўрдингиз, нари борса 20−30 та одам билан гаплашгандирсиз. Биз шу мамлакатда яшаймиз, мен ўзим кеча университет (ЎзЖОКУ)да кун бўйи бўлдим. Университетдаги сайлов участкасига 3000 дан ортиқ одам келди. Ундан ташқари бошқа жойларга бориб кўрдим. Мен шу мамлакатда яшайман, шу жойда юрибман, одамларни кайфияти мутлақо бошқача. Шунинг учун мана ҳозир биринчи маъмурият — Каримов даври билан таққосланди, очиқ гапиришимиз керак. Иккинчиси, 1999 йилдан бери МСК матбуот марказида ишлаганман, шунинг учун таққослашга ҳаққим бор, ҳам тажрибам бор. [Ҳозирда] Ўзбекистондаги сайловлар мутлақо бошқача. Буни халқ кўриб турибди.

ЕХҲТ [сайловга] келган 15 та ташкилотнинг биттаси. Мана бу ерда МДҲдан [комиссия] ўтирибди, мусулмон мамлакатларидан ўтирибди, бутун дунё Ўзбекистонда. ЕХҲТ эскитдан шундай қолипда ёзган, ман баъзида ҳайрон қоламанки, ЕХҲТ фақат рақамларни ўзгартиради. Энди Ўзбекистон мустақил суверен давлат — ўзимизни қоида бор, ўзимизни Конституция бор. Биз сайловни ЕХҲТ ёки бошқа фалон ташкилотга ёқиш учун ўтказмаймиз. Мана (экрандаги сайлов натижаларини кўрсатиб) рақамларга эътибор беринглар — мана шу реал Ўзбекистон. Мана кеча бизда деярли шунга яқин рақамлар бўлди. Масалан, бизнинг университетимизга 89 фоиз одам келди, 83,5 фоизи [Шавкат Мирзиёевга] овоз берди.

Мана эшитдик, Жиззахда баландроқ бўлган, Тошкентда пастроқ. Чунки Тошкент мегаполис, аҳолиси сал сиёсатдан узоқ, уларнинг ҳамма нарсаси бор. Сурхондарёда овоз баландроқ бўлган бўлиши мумкин. Навбаҳор Имомовани ҳурмат қиламан, лекин кўчада гаплашган 20−30 нафар одам — одамлар ҳар хил табақалари бор, хафа одамлар бўлиши мумкин, кайфияти йўқ бўлиши мумкин ёки рақиб, мухолиф фикрлаши мумкин. Лекин умуман олганда, Ўзбекистон аҳолиси 7 йил ичида ислоҳотларни кўряпти ва шу рақамлар ман учун жуда реал. 1999 йилдан МСКда Нажмиддин Комилов (1999−2001 йилларда раис), Абдурафиқ Аҳадов (2001−2004 йилларда раис), Бўритош Мустафоевлар (2004−2005 йилларда раис) билан ишлаганман. Иккита сайлов ўтказган одам сифатида айтаман, бугунги МСК бемалол (мустақиллиги назарда тутилмоқда — таҳр.). Чунки биз бу ерда ўтирибмиз, гаплашяпмиз, менга ҳам сўз берилди, мен оддий аъзоман. Бундан ташқари, бу залда Навбаҳор Имомовага ўхшаган танқидий саволлар бериляпти ва буларга жавоб қайтариляпти, бунинг учун эртага ҳеч ким жавобгар бўлмайди. Биз эркинликни кўряпмиз.

Бизда бундай реклама бўлмаган. Яқинда Туркияда бўлдим, кўрдим, ўша ерда ҳам жуда қаттиқ бўлди, кўчалар, экранларда реклама. Ўзбекистонда ҳам бу йил шундай бўлди. Ҳатто плакатлар кўпайиб кетди. Одамларда танлов бўлди. Шунинг учун ўйлайманки бу сайловларга ўзимизнинг халқимиз холис ва ҳаққоний баҳо беради. Ўзбекистон бош судьяси ва бош прокурори буни ҳал қилади. Ўзбекистон овоз бериб, бу рақамларда ким ким эканлигини кўрсатди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон МСК душанба куни президент сайловининг дастлабки натижаларини ўқиб эшиттириб, унда ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёев 87,05% овоз билан ғолиб бўлганини эълон қилди.