Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида 27 ёшли йигит ўзини кўп қаватли уйдан ташлаб, вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га маълум қилди.

9 июль куни соат 09:20 атрофида шаҳарнинг Конструкторчилар даҳасида Д.Р. ўзи яшаган кўп қаватли уйнинг балкон қисмидан тушиб, вафот этган.

Аниқланишича, Қорақалпоғистон Республикасида туғилган Д.Р. ўша хонадонда оила аъзолари билан бирга яшаган.

Дастлабки маълумотларга кўра, марҳум сўнгги 5 йил давомида оила аъзолари билан биргаликда Россияда ишлаб келиб, шу йилнинг май ойи бошида Ўзбекистонга қайтган. Вақтинча ишсиз бўлиб, Бўстонлиқ туманида оиласига тегишли дала ҳовлида қурилиш ишлари билан банд бўлган.

Отасининг сўзларига кўра, йигитда 2023 йилнинг мартидан бери руҳий бузилиш кузатилган.

Ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.