Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги мамлакатда камбағаллик чегарасини аниқлаш учун фойдаланиладиган минимал истеъмол харажатлари (МИХ) миқдори аввалги 621 минг сўмдан 648 минг сўмгача оширилганини маълум қилди.

2024 йил 1 майгача ёнилғи-энергетика ресурслари нархлари ошишини ҳисобга олган ҳолда минимал истеъмол харажатлари қийматини қайта кўриб чиқиш ва эълон қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 16 апрелдаги «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланганди.

«2024 йил май ойидан ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 648 минг сўмни ташкил этди. (2024 йил январда эълон қилинган қиймат 621 минг сўмни ташкил этган)», — дейилади Статистика агентлиги хабарида.

Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан:

  • давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
  • камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
  • пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади.