Келгуси ойларда дунёни бир қатор экстремал об-ҳаво ҳодисалари, жумладан, сув тошқинлари ва кучли жазирама кутмоқда. Бу ҳақда 5 июль куни бўлиб ўтган брифингда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус маълум қилди.

«Душанба куни дунё бўйлаб рекорд даражадаги энг иссиқ кун қайд этилди. Биз келгуси ойларда инсон саломатлигига зарар етказувчи қурғоқчилик, сув тошқинлари, бўронлар ва аномал иссиқ каби бир қатор экстремал об-ҳаво ҳодисаларини кутмоқдамиз», — деди у.

Гебрейесусга кўра, Африка шохидаги узоқ давом этган қурғоқчилик аллақачон очарчилик, миграция ва касалликлар тўлқинини келтириб чиқарди ҳамда соғлиқни сақлаш хизматларига жиддий босим юкламоқда.

«Бу йил етти мамлакатни ўз ичига олган Африка шохида 60 миллионга яқин одам хавф остида турибди: Жибути, Эфиопия, Кения, Сомали, Жанубий Судан, Судан ва Уганда», — деди ташкилот раҳбари.

Аввалроқ Бутунжаҳон метеорология ташкилоти ҳам Эль-Ниньо табиий ҳодисаси муносабати билан кутилаётган экстремал об-ҳаво шароити ҳақида огоҳлантирганди.

«Бу бутун дунё ҳукуматларини [Эль-Ниньо]нинг соғлиғимиз, экотизим ва иқтисодиётимизга таъсирини чеклаш учун саъй-ҳаракатларни сафарбар қилишга чорловчи сигналдир», — дея таъкидлади ташкилоти.

Май ойида Бутунжаҳон метеорология ташкилоти дунё яқин келажакда дуч келадиган рекорд глобал ҳарорат ҳақида огоҳлантирган. Метеорологлар кейинги 5 йилдаги бир йил ёки бутун беш йиллик давр тарихдаги энг иссиқ йил бўлишини 98 фоиз эҳтимоли билан башорат қилмоқда.

Европа Иттифоқининг иқлим ўзгариши бўйича Copernicus хизмати июнь ойи бошида дунёдаги ўртача ҳарорат аввалги барча рекордларни янгилагани ва биринчи марта Цельсий бўйича 1,5 даражага — 2015 йилги Париж келишувида қайд этилган «глобал исиш чегараси»гача кўтарилганини таъкидлади.

Ўзгидромет, шунингдек, 2023 йил июнь ойи Ўзбекистонда Ўрта Осиё иқлими учун жуда иссиқ ўтгани, Тошкентда бу ой кузатувлар тарихидаги энг иссиқ июнь ойи бўлиб, 2021 йилги кўрсаткичдан ўтиб кетгани ҳақида хабар берганди.

Эль-Ниньо — Тинч океанининг экваториал қисмида сув сатҳидаги ҳароратнинг аномал кўтарилиши билан тавсифланган табиий феномен. Бу ҳодиса ҳар 2−7 йилда содир бўлади ва 18 ойгача давом этиши мумкин. Эль-Ниньо эпизодлари пайтида тропик зоналарда ёғингарчилик ва атмосфера айланишининг нормал схемаси бузилиб, бутун дунё бўйлаб экстремал иқлим шароитларини келтириб чиқаради.