Июнь ойи бошидаги глобал ўртача ҳарорат ушбу давр учун рекорд даражада юқори бўлди. Ушбу кўрсаткичлар аввалги рекордларни «сезиларли фарқ» билан ортда қолдирди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг иқлим ўзгариши бўйича Copernicus хизмати хабар бермоқда.

«Дунё бутун кузатувлар давридаги рекорд даражадаги иссиқ билан бошланган июнь ойини бошдан кечирди», — деди Copernicus директори Саманта Бургесс.

Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, июнь ойининг биринчи ҳафтасида глобал ҳаво ҳарорати илк маротаба саноат давригача бўлган кўрсаткичдан 1,5 даража Цельсийга — 2015 йилги Париж келишувида қайд этилган «глобал исиш чегараси»гача кўтарилди.

Рекорд сайёранинг қизишига хизмат қиладиган Эль-Ниньо деб номланган табиат ҳодисаси билан боғлиқ. Copernicus хизматининг огоҳлантиришича, Эль-Ниньо ривожланишда давом этар экан, келгуси йилда янада экстремал ҳодисалар кутилиши керак.

«Глобал ўртача ҳарорат кўтарилишда давом этиб, Цельсий бўйича 1,5 даражадан ошиб кетар экан, бунинг умумий таъсири тобора кучайиб боради ва уни диққат билан кузатиб бориш керак», — дея маълум қилди хизмат.

Май ойида Бутунжаҳон метеорология ташкилоти рекорд даражадаги ҳарорат ҳақида огоҳлантирган эди. Метеорологларнинг фикрига кўра, 98 фоизлик эҳтимол билан кейинги беш йил рекорд даражадаги энг иссиқ йил бўлади.

Аввалроқ Ўзгидромет июнь ойининг биринчи ярми Ўзбекистонда барча йиллар давомида кузатилган энг иссиқ бўлганини маълум қилган эди. Чўл зонасида ҳаво ҳарорати +46 даражага етди.

Эль-Ниньо — Тинч океанининг экваториал қисмида сув сатҳидаги ҳароратнинг аномал кўтарилиши билан тавсифланган табиий феномен. Бу ҳодиса ҳар 2−7 йилда содир бўлади ва 18 ойгача давом этиши мумкин. Эль-Ниньо эпизодлари пайтида тропик зоналарда ёғингарчилик ва атмосфера айланишининг нормал схемаси бузилиб, бутун дунё бўйлаб экстремал иқлим шароитларини келтириб чиқаради