Иссиқхона газлари чиқиндилари ва Эль-Ниньо табиий ҳодисасининг кучайиши туфайли ўртача глобал ҳарорат яқин беш йил ичида рекорд даражага етади, дея хабар бермоқда Бутунжаҳон метеорология ташкилоти.

Унинг ҳисоб-китобларига кўра, 2023−2027 йиллар оралиғида ўртача глобал ҳарорат саноатдан олдинги даражадан Цельсий бўйича 1,5 даражадан юқори бўлиши эҳтимоли 66 фоиз.

Метеорологлар, шунингдек, кейинги беш йилдаги бир йил ёки бутун беш йиллик давр тарихдаги энг иссиқ йил бўлишини 98 фоиз эҳтимоли билан башорат қилмоқда.

«Келгуси ойларда исиниш Эль-Ниньо ҳодисаси кутилмоқда, бу антропоген иқлим ўзгариши билан биргаликда глобал ҳароратни аниқланмаган ҳудудга олиб келади. Бу саломатлик, озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурсларини бошқариш ва атроф-муҳит учун кенг миқёсли таъсир кўрсатади», деди Бутунжаҳон метеорология ташкилоти раҳбари Петтери Таалас.

Бундан ташқари, экспертларнинг фикрича, Арктикада исиш номутаносиб даражада катта — у ерда ҳарорат ўртача глобал кўрсаткичдан уч баробар тезроқ кўтарилмоқда.

«Бу ҳисобот биз Париж келишувида белгиланган Цельсий бўйича 1,5 даражадан доимий равишда ошиб кетамиз дегани эмас… Бироқ Бутунжаҳон метеорология ташкилоти Цельсий бўйича вақтинчалик 1,5 даражадан ошиб кетиш частотаси ошишидан хавотир билдиради», — таъкидлади Таалас.

Цельсий бўйича 1,5 даражадан вақтинча ошиб кетиш эҳтимоли нолга яқин бўлган 2015 йилдан бери ўсиб бормоқда, деб таъкидлайди ташкилот. 2017 йилдан 2021 йилгача у 10 фоизни ташкил этди.

  • 2015 йилги Париж иқлим келишувига кўра, давлатлар глобал ҳароратни Цельсий бўйича 1,5 даражадан пастда ушлаб туриш мажбуриятини олган. Бунинг учун келишувда иссиқхона газлари эмиссиясини сезиларли даражада камайтириш учун барча мамлакатлар олдига узоқ муддатли мақсадлар қўйилган.
  • Эль-Ниньо — Тинч океанининг экваториал қисмида сув сатҳидаги ҳароратнинг аномал кўтарилиши билан тавсифланган табиий феномен. Бу ҳодиса ҳар 2−7 йилда содир бўлади ва 18 ойгача давом этиши мумкин. Эль-Ниньо эпизодлари пайтида тропик зоналарда ёғингарчилик ва атмосфера айланишининг нормал схемаси бузилиб, бутун дунё бўйлаб экстремал иқлим шароитларини келтириб чиқаради.