3−7 июль кунлари Тошкентда «Янги Ўзбекистонда тараққиёт, инновация ва маърифат» мавзусидаги Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги ташкил этилади. Бу ҳақида ҳафталик ташкилотчилари «Газета.uz»га маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳафталикнинг мақсади хорижий ва миллий экспертлар, таҳлилчилар ўртасида Янги Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар, уларнинг моҳияти, эришилган ютуқлар ва навбатдаги долзарб вазифалар, мамлакатда вужудга келаётган мутлақо янги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий макон ва муҳит, давлат ташқи ва ички сиёсатининг устувор вазифалари тўғрисида фикр алмашишдан иборат.

Ҳафталик доирасида янги барпо этилган «Ивент холл» марказида «Ўзбекистон маданий ва илмий мероси — янги Ренессанс асоси», мамлакатда «инновацион ва билимлар иқтисодиёти» ҳамда барқарор ривожланиш «драйвери» бўлган рақамли технологияларнинг ривожи масалаларига бағишланган форумлар ташкил этилмоқда.

Шунингдек, инсон капиталини ривожлантириш ва таълим тизимини ислоҳ этиш, ижтимоий давлат қуриш, «яшил тараққиёт» соҳаларидаги янги Ўзбекистон тажрибаси ва дунёдаги жараёнлар, мамлакатда юзага келаётган қулай бизнес ва инновацион муҳит каби қатор масалаларга бағишланган мулоқотлар учун алоҳида платформалар ташкил этилади.

Уларда етук миллий ва 60 дан зиёд давлатлардан 450 дан ортиқ хорижий сиёсат ва жамоат арбоблари, йирик бизнес вакиллари ва экспертларнинг иштирок этиши мўлжалланган.

Тадбирлар Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси, собиқ маданият ва халқаро тараққиёт вазири Лорд Уортон, Business New Europe халқаро нашриётининг бош муҳаррири Бен Арис, ҳалқаро журналист Стивен Коул, телебошловчи ва журналист Али Аслан каби таниқли хорижий модераторлар жалб этилади.

CNN халқаро медиа компанияси ҳафталикнинг медиа ҳамкори ҳисобланади. Тадбирлар шунингдек Euronews ва бошқа нуфузли хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади.

Ҳафталик доирасида тадқиқот ва таҳлилий марказлар, бизнес ҳамжамият, вазирлик ва идоралар томонидан 300 дан ортиқ хорижий ҳамкорлари билан биргаликда 50 дан зиёд конференция, давра суҳбатлари ва амалий мулоқотлар ҳам ташкил этилади. Натижада хорижий ва халқаро шериклар билан ўзаро манфаатли алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган битимларни имзолаш, қўшма лойиҳаларни самарали амалга ошириш борасида қатор келишувларга эришиш кутилмоқда.

Бир вақтнинг ўзида «Ўзбекистон маданий мероси — Янги Ренессанс асоси» ҳафталиги ўтказилади. Унда 30 дан ортиқ тадбир: кўргазмалар («Савицкий музейи», «Ўзбекистон тарихий шахслари Шарқ миниатюрасида» ва ҳ.к.), мусиқа фестивали ҳамда фильмлар намойиши («Ўзбек қизи», «Бардош» ва ҳ.к.) режалаштирилган.