Ўзбекистонда 2022 йил якунига кўра тадбиркорлик фаолиятини текширишлар сони қарийб икки бараварга кўпайди.

тадбиркорлик фаолиятини текшириш, бизнес, бизнес омбудсман

Йил давомида 32 та назорат қилувчи орган томонидан тадбиркорлар фаолиятида жами 167 мингдан ортиқ текширув ўтказилган. 2021 йилда эса бу рақам 86,5 мингни ташкил қилган.

Ҳудудлар бўйича энг кўп текширувлар Тошкент шаҳрида — қарийб 35 мингта, шунингдек, Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида қайд этилган.

Текширувчи органлар орасида солиқ органлари энг фаол бўлди — 71,3 фоиз текширувлар.

Бизнес-омбудсман молиячи Отабек Бакировнинг текширишлар кўпайгани ва асоссиз текширишлар бўйича ҳаракатсизлик ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди. Қайд этилишича, текширувлар «Ягона давлат назорати» ахборот тизими орқали амалга оширилган.

Текширувлардан 164 965 таси хабардор этиш тартибида, 2072 таси бизнес-омбудсман билан келишилган ҳолда ўтказилган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларида текширув ўтказишни келишиш учун киритилган буюртмаларнинг 53,3 фоизи рад этилган.

Бундан ташқари, тадбиркорлар фаолиятида ўтказилган ноқонуний текшириш ва текшириш тартиби бузилган ҳолатлари бўйича бизнес-омбудсман томонидан жами 686 та таъсир чоралари қўлланган. Жумладан, 666 та маъмурий баённома, 19 та бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома, 30 та интизомий жазо, шунингдек, мансабдор шахслар лавозимидан озод қилинган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг сентабрь ойида Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаганди. Бунинг натижасида тадбиркорлик фаолиятини текширишни тартибга солиш ва асоссиз аралашувларнинг маълум даражада олдини олиш мумкин бўлади, дейилган хабарда.

2023 йилнинг январь-апрель ойларида 27 та назорат органи томонидан тадбиркорлик субъектларида 31 112 та текшириш ўтказилиб, 2022 йилнинг шу даврига нисбатан текширишлар сони 30 873 тага (61 985 та бўлган) камайди.
2017 йилда тадбиркорлик субъектлари сони 283 мингтани ташкил этган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони қарийб 1 миллионга етди, дея таъкидлади бизнес-омбудсман идораси ҳам.

«2023 йилнинг январь-апрель ойларида ўтказилган текширувларни тадбиркорлар сонига бўладиган бўлсак, текширувлар тадбиркорлар сонига нисбатан 3% ни ҳам ташкил қилмайди», — дейилади бизнес омбудсман хабарида.

Президент маслаҳатчиси, собиқ адлия вазири Русланбек Давлетов 2022 йилнинг февраль ойида 2020 йилнинг биринчи ярми ва 2021 йил учун Business Indicator рейтингини солиштирар экан, ҳар 1000 нафар тадбиркорга тўғри келадиган текшириш ва аудитлар сони 2,5 баробарга ошганини таъкидлаган.

«Текширишлар эски тизим саналади. Биз аудит тизимига, камерал текширув тизимига ўтмоқдамиз, лекин барибир, ревизиялар бор — улар бизнинг автоматлаштирилган тизимимизда акс эттирилади», — деган Адлия вазирлигининг собиқ раҳбари.