Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси, муфтий, марҳум «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланди. Президент Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни бу ҳақдаги фармонни имзолади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «ўзининг серқирра фаолияти ҳамда беқиёс илмий-маърифий мероси билан исломий тафаккур ва маданиятни равнақ топтириш, муқаддас динимизнинг улуғ инсоний ғояларини халқимизга етказиш, машҳур уламоларимизнинг бебаҳо асарларини чуқур тадқиқ этиш, турли мамлакат ва ўлкаларда кенг тарғиб қилиш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, халқаро миқёсда динлараро мулоқотни йўлга қўйиш, миллат ва элатлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва аҳилликни мустаҳкамлаш, жамият ҳаётида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қўшган улкан ҳиссаси, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги алоҳида хизматлари учун» мукофотланди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад, шунингдек, Бутундунё мутафаккир уламолари уюшмасининг Ижроия қўмитаси аъзоси, Бутунжаҳон мусулмон уламолари халқаро уюшмаси, Бутундунё Ислом уюшмаси каби нуфузли халқаро ташкилотларнинг, Иордания қироллик академиясининг ҳам аъзоси эди. Шайх Миср Араб Республикасининг «Нил лаври» олтин нишони, шунингдек, Россия, Ливия ва бошқа давлатларнинг кўплаб юксак мукофотларига сазовор бўлган.

Давлат раҳбари ўзининг бошқа бир фармони билан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси, муфтий, марҳум шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохонни ҳам «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотлади.

Орден «ғоят мураккаб тарихий шароитда фаолият кўрсатиб, мамлакатимиз ва минтақамизда ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғояларини эл-юртимизга безавол етказиш, буюк уламо ва мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий меросини турли миллатлар ва элатлар орасида кенг тарғиб этиш борасидаги кўп йиллик ибратли фаолият» бошқа хизматлари учун берилди.