Дунё миқёсида сўнгги 10 йил ичида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар сони 23 фоизга ошган, кўрсаткич 2011 йилдаги 240 миллиондан 2021 йилда 296 миллион кишига етган. Бу дунё аҳолисининг ўсиши билан қисман боғлиқ, холос. Бу ҳақда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси янги ҳисоботида айтилади.

Худди шу даврда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш билан боғлиқ касалликлардан азият чекадиганлар сони 45 фоизга ўсиб, 39,5 миллион кишини ташкил этди. Шу билан бирга, БМТ маълумотларига кўра, ҳар 5 кишидан фақат 1 нафари гиёҳванд моддаларга қарамликдан даво топиш мумкин деб ҳисоблайди.

Фентанил и метамфетамин каби синтетик моддалар энди ноқонуний наркотик бозорларида ҳукмронлик қилмоқда. Асосий сабаб уларнинг «арзон, осон ва тез» ишлаб чиқарилишидир. 2021 йилда Шимолий Америкада дозани ошириб юбориш билан боғлиқ 90 мингга яқин ўлим ҳолатининг аксарияти фентанил билан боғлиқ.

Каннабис энг кўп қўлланадиган наркотик восита бўлиб қолмоқда, 2021 йилда 219 миллион киши (дунёдаги ёши катта аҳолининг 4,3 фоизи) ундан фойдаланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан олинган янги маълумотларга кўра, 2021 йилда 13,2 миллион киши гиёҳванд моддаларни инъекция (дори ва бошқа эритмаларни организм тўқималари, томирларга киритиш) қилган, бу аввалги ҳисоб-китобларга қараганда 18 фоизга кўп. 18 давлатдан олинган статистик маълумотлар шуни кўрсатдики, эркаклар аёлларга қараганда 5 баравар кўпроқ гиёҳванд моддаларни инъекция қилади ва уларни шерикларига таништиради.

Мутахассислар 2023 йилда Афғонистонда опий ҳосили кескин камайишини башорат қилмоқда, бунга ушбу воситани етиштириш тақиқлангани сабаб бўлган.

Бироқ, ҳисоботда таъкидланганидек, бу синтетик наркотик ишлаб чиқаришга ўтишга сабаб бўлиши мумкин, чунки Афғонистон ҳам минтақада метамфетаминларнинг асосий ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.