Самарқандда аквапаркдаги раққосалар билан суҳбат ўтказилгани, улардан ОИТС ва ОИВга текшириш учун қон таҳлиллари олингани ҳақида хабар берилганди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган ушбу ҳолат юзасидан маълумот берар экан, раққосалардан ҳеч қандай таҳлиллар олинмаганини билдирди.

Аввалроқ Самарқанд вилояти ИИБ хабарида воқеа 16 июнь куни Самарқанд туманидаги «Вавилон» чўмилиш ҳавзасида содир бўлгани, фуқаро Д.Насимов «оммавий тадбирларни ўтказиш қоидасини қўпол равишда бузиб, 2000 га яқин фуқаро иштирокида тадбир уюштирганини» маълум қилганди.

Шундан сўнг раққосалар тери-таносил касалликлари кўригидан ўтказилиб, ОИТС ва ОИВга текшириш учун қон таҳлиллари олиниб, улар билан тушунтириш ишлари олиб борилгани ҳам қўшимча қилинган.

ИИВ раддияси

Ҳолат вазирлик томонидан ўрганилганда маълум бўлишича, чўмилиш ҳавзасининг очилишида чиндан ҳам 2000 дан зиёд фуқаро учун оммавий кўнгилочар маросим ташкил этилган ва бунда Вазирлар Маҳкамасининг «Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори талаблари бузилган.

Шундан сўнг тадбир ташкилотчилари билан профилактик суҳбат ўтказилиб, келгусида хавфсизлик чоралари кўрилиши зарурияти ҳақида қатъий огоҳлантирилган.

«Хабарда акс этган, тадбирда иштирок этган аёлларга нисбатан тери-таносил касалликлари кўригидан ўтказилгани ва ОИТС/ОИВга текшириш учун қон таҳлиллари олингани тўғрисидаги маълумот вилоят ИИБ матбуот котиби Жаҳонгир Сагдуллаев томонидан шошма-шошарлик билан, вазиятни тўлиқ ўрганмаган ҳолда тайёрлангани аниқланди», — дейилади вазирлик хабарида.

Таъкидланишича, тадбир иштирокчиларининг, шу жумладан, аёлларнинг ҳеч бири тиббий кўрикдан ўтказилмаган ва уларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланмаган.

Ҳозирда вазирлик томонидан вилоят ИИБ ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.