Сенатнинг қирқ иккинчи ялпи мажлисида «Ижро ҳужжатларини ижро этмаганлик учун солинадиган маъмурий жарима миқдорини белгилаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун муҳокама қилинди.

Ижро ҳужжати бўйича қарздор ундирилиши лозим бўлган қарздорликни ўз вақтида тўламаса, Мажбурий ижро бюроси томонидан қарздорга нисбатан маъмурий жарима қўлланилиши, ушбу жариманинг миқдори эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра фуқароларга нисбатан 300 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача, мансабдор шахсларга нисбатан 1,5 млн сўмдан 3 млн сўмгача белгиланиши мумкинлиги қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Сенаторлар, агар қарздор томонидан тўланиши лозим бўлган қарздорлик суммаси жариманинг энг кам миқдоридан ҳам кам бўлган бўлсада, қарздорликка нисбатан юқори миқдордаги жарима тайинланиши ижтимоий адолат принципларининг бузилишига, бу эса қарздорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлигига ҳамда мазкур ҳолат табиий равишда фуқароларнинг тўлов қобилиятига салбий таъсир кўрсатаётганига эътибор қаратдилар.

«150 минг сўм қарзни тўламаганлик учун 300 минг сўм жарима солиш — бу адолатдан эмас, албатта. Қолаверса, бундай амалиёт янги конституциявий қоидага, яъни фуқарога қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораси мутаносиблик принципига асосланиши ва етарли бўлиши кераклиги қоидасига мутлақо зид. Ёки маъмурий жарималарни МИБнинг исталган ижрочиси эмас, балки фақат раҳбар ходимлари қўллаши мумкинлигига оид норма ҳам эътиборга молик деб ҳисоблаймиз», — деди Танзила Нарбаева.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартишлар киритилиб, бу бартараф этилмоқда.

Хусусан, қўлланиладиган жариманинг миқдори ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан юқори бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида норма киритилмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198−1 моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда маъмурий жазо қўллашга эндиликда Ўзбекистон Бош давлат ижрочиси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бош давлат ижрочилари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ҳақли эканлиги белгиланмоқда.

Яъни, 198−1 модда учинчи қисм билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, ушбу моддага асосан солинадиган маъмурий жариманинг суммаси ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан ошиши мумкин эмас.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.