Тарих фанлари доктори, фахрий журналист Қудрат Ирназаров 73 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Журналистлар уюшмаси ахборот хизмати хабар берди.

Қудрат Ирназаров 1950 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Мутахассислиги бўйича журналист. 1973 йилда Ленинград давлат университетининг Журналистика факультети кундузги бўлимини тамомлаган.

Турли йилларда газета мухбири, тарих кафедраси ўқитувчиси, мудири, Миллий университетда декан каби лавозимларда фаолият юритган.

2019 йилдан ҳозирги кунгача Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Ижтимоий ва гуманитар фанлар кафедраси профессори, кейинроқ Жамоатчилик билан алоқалар ва реклама кафедраси профессори сифатида ишлаб келаётганди.

У 2008 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжа журналистнинг вафоти ҳақида ёзар экан, «Қудрат Тўғоновичнинг номи Ўзбекистон ҳамда МДҲ мамлакатлари олимлари учун ҳам яхши таниш эди. У фидойи педагог ва сермаҳсул олим сифатида Ўзбекистон ОАВ ривожига муносиб ҳисса қўшган», — дея қайд этди.