Жиззах вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган 19 ёшли аскар 15 июнь куни вафот этди, деб хабар бермоқда Миллий гвардия матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, Миллий гвардия Жиззах вилояти бўйича бошқармасида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келаётган оддий аскар Т.О. 6 июнь куни тиббиёт бўлими фельшдерига ошқозонида оғриқ борлиги билан мурожаат қилган.

Бошқарма тиббиёт бўлими бошлиғи томонидан оддий аскар Т.О. 7 июнь куни Самарқанд ҳарбий госпиталига олиб борилиб, тиббий кўрикдан ўтказилган ва мутахассис-терапевт врачнинг сурункали гастродуодинит қўзиш даври ташхиси билан терапия бўлимига станционар даволаниш учун ётқизилган.

15 июнь куни соат 14:00 да муддатли ҳарбий хизматчи Т.О.нинг соғлиғи ёмонлашиб, Самарқанд ҳарбий госпиталида вафот этган. Ўтказилган суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра унда ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги сабабли тўсатдан ўлим ҳолати қайд этилган.

Ҳозирда ҳолат бўйича Самарқанд вилояти Ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Kun.uz нашрининг ёзишича, марҳумнинг яқинлари тиббий экспертиза хулосасига ишонмаяпти.

Ҳолатга муносабат билдирган Ҳарбий прокуратура ҳозирда Самарқанд ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилаётганини маълум қилди.

Текширув давомида марҳумнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган ва бошқа кечиктириб бўлмас ҳаракатлар ўтказилган. Текширув натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши устидан Ҳарбий прокуратура томонидан назорат ўрнатилган, дейилади хабарда.