Янги катта ва ўта катта сиғимли автобуслар ва электробуслар харид қилинганидан сўнг Тошкентда жамоат транспортидаги йўловчилар сони ортди, деб хабар қилди Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати «Тошшаҳартрансхизмат» компаниясига таяниб.

Май ойида пойтахт автобуслари кунига ўртача 782 мингдан ортиқ йўловчини ташиди. Бу ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 63 фоизга кўп — 478 минг.

Йўналишларга 1330 та кунлик автобус чиқарилди ёки 2022 йил май ойига нисбатан 40 фоизга кўпайди — 806 та.

Кунлик қатновлар ўтган йилнинг май ойида амалга оширилган 10 минг 424 тадан 60 фоизга ортиб, 16 минг 741 тага етди.

Пойтахт автобус парки 20 апрелдан Хитойда ишлаб чиқарилган янги автобуслар билан тўлдирила бошланди. Шу куни йўналишларга 400 та машина чиқарилди. Улар орасида 114 дона узунлиги 18 метрли гормошкали автобуслар, 169 та электробус ҳамда 117 та газда ҳаракатланувчи автобуслар мавжуд эди.

Жами 1000 та автобус ва электровтобусга буюртма берилган. Тошкентга ҳали қисқа вақт ичида бунча кўп автобус етказиб берилмаганди.

Ёз охирига қадар барча 160 та автобус йўналиши нақд пул тушумларини етказиб бериш бўйича кунлик режа бекор қилинган ҳолда брутто шартномалар асосида иш юритиш тизимига ўтказилиши керак. Бу орқали ҳаракат мунтазамлигини яхшилаш кўзда тутилган.

«Газета.uz»нинг «Тошшаҳартрансхизмат»дан олган маълумотларига кўра, ҳозиргача 970 та машина етказиб берилган, жумладан, 300 та электробус, 200 та гормошкали ва 470 та газда ҳаракатланувчи автобус.

Бунга параллель равишда автобуслар тирбандлигининг олдини олиш имконини берувчи ажратилган йўлакларни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.