Ўзбекистон ҳукуматининг 2023 йил охиригача Тошкент шаҳридаги Амир Темур, Шаҳрисабз, Шота Руставели ва Янги Сергели кўчаларида жамоат транспорти йўлакларини ташкил этиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Ҳужжат пойтахт ҳокимлиги томонидан президентнинг февралдаги жамоат транспорти соҳасини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ «шаҳар йўловчи транспорти ва автомобиль транспорти инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, мавжуд марказий кўчаларни хорижий тажриба асосида оптималлаштириш мақсадида» ишлаб чиқилган.

Лойиҳа доирасида мазкур кўчаларда юқори тезликда ҳаракатланувчи автобуслар ҳаракати учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш, светофорни мувофиқлаштирилган бошқарув тизимини жорий этиш ва уларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида чорраҳаларнинг геометрик параметрларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилган.

Йўл-транспорт ҳодисалари статистикасини таҳлил қилиш асосида тартибга солинган пиёдалар ўтиш йўлакларини, хавфсизлик оролчалари, йўналишсиз такси учун йўловчиларни тушириш ва ва чиқариш майдончаларини ташкил этиш белгиланган. Бундан ташқари, зарур ҳолларда транспорт инфратузилмаси объектларини реконструкция қилиш режалаштирилган.

Лойиҳадан олдинги чизмалар ва йўлаклар бўйлаб ҳаракатни ташкил этиш бўйича қарорлар қарор қабул қилингандан кейин икки ой муддатда ишлаб чиқилиши керак. Кейин икки ой ичида лойиҳа ижрочиси танланиши зарур.

Ҳужжатда қайд этилишича, лойиҳани амалга ошириш учун давлат бюджетидан маблағ талаб этилмайди. Уни маҳаллий бюджет даромадларининг ортиғи билан бажарилган қисми, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун ундириладиган жарималар, «Хавфсиз ва равон йўл» жамғармаси ҳамда Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармалари маблағлари ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилган.

Ўтган йил охирида Тошкент шаҳрида жамоат транспорти учун алоҳида йўлаклар ташкил этила бошланганди. Бугунги кунга қадар улар кўплаб марказий кўчаларда мавжуд. Бу янгилик ҳудудларда автобуслар ва бошқа жамоат транспортларининг тезлигини оширди.

Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов апрель ойида жорий автобус йўлаклари йўл ҳаракати мунтазамлиги муаммосини ҳал қилиш учун «тезкор ечим»лигини айтганди. Тўлиқ BRT (bus rapid transit) автобус тизими ҳақида гапирилса, ажратилган йўлакдан ташқари, бунинг учун махсус йўлакдан ташқари, махсус тўхташ жойлари ва пиёдалар ўтиш жойлари керак бўлади, деганди у.

Таклиф этилаётган лойиҳанинг тафсилотлари ҳозирча аниқ эмас, лекин ҳужжатдан келиб чиқадиган бўлсак, у ажратилган автобус йўлагини ташкил этиш, кўчаларда жойлашган чорраҳаларда светофорларнинг мувофиқлаштирилган бошқарув тизимини жорий этишни назарда тутади.