Шавкат Мирзиёев 12 июнь куни Нукусга ташриф буюриб, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан (ЎзЛиДеП) президентликка номзод сифатида сайловчилар билан илк учрашувини ўтказди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.

«Сизларнинг олдиларингизда битта нарсага ваъда бермоқчиман. Худо менга умр берса, Худо сиҳат-саломатлик берса, жонажон халқимга, буюк элимга, буюк Қорақалпоғистон элига, фақат ва фақат, меҳнат қилиш билан куним ўтади. Ҳар сафар айтаман, бугун ҳам айтмоқчиман: мен фақат Ўзбекистон фарзанди эмас, Қорақалпоғистоннинг ҳам фарзандиман, мана шунга муносиб бўлиш учун ҳаракат қиламан».

«Ўзбекистон, Қорақалпоғистоннинг бирини икки қилиш ва жонажон ватанимизни ҳар бир овулини, ҳар бир маҳалласини, иложи борича ҳар бир инсонни рози қилиш, инсон қадрини буюк сиёсатга айлантириш бўйича сизлар билан биз жуда катта ишлар қилдик, бу ҳам адолатли ҳақиқат, агар кимдир адолатли ҳакам бўлса, буни инкор қила олмайди ҳеч қачон», — деди Шавкат Мирзиёев.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев айни дамда қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашув ўтказмоқда. У ўтган йиллар давомида қилинган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди: Қорақалпоғистонда 51 минг оиланинг уй-жой шароити яхшиланди, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш даражасини 71 фоизга етди, Орол денгизининг қуриган ҳудуди ўрнида 1,8 млн гектар яшил ўрмонзор барпо этилди, боғчалар қамрови 28 фоиздан 81 фоизга, уларнинг сони эса 317 тадан 1 минг 600 тага кўпайди, 172 та мактаб мукаммал таъмирлангани, 104 та мактабда қўшимча бинолар барпо этилгани ҳисобига, 118 мингта янги ўқувчи ўрни яратилди, Қорақалпоғистондаги олийгоҳлар сони 2 баробар кўпайиб, 12 тага етди, олийгоҳларга қабуллар сони эса 3,5 марта ошиб, қамров 19 фоиздан 46 фоизга ўсди. Ҳозирги вақтда бу ерда 58 минг талаба таҳсил олмоқда.

«Албатта, қилинган ишлар ҳақида кўп гапириш мумкин, лекин ислоҳотларимиз натижасига баҳо берадиган энг холис ҳакам, бу — халқимиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 30 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» боғида Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда сўзлаган нутқида «бағрикенг, танти, қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтаётган қорақалпоқ халқини эъзозлашини» таъкидлаган эди. «Меҳр ва ғурур билан айтаман, мен нафақат Ўзбекистон, Қорақалпоғистоннинг ҳам фарзандиман», — деган эди президент.